Коммунал хизматларни ўрганиш натижалари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди

 

Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган онлайн жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Эшитувда халқ депутатлари Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари, мутасадди ташкилотларнинг масъуллари, партия масъул ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаш раиси ўринбосари Мақсуда Варисова партиянинг Сайловолди дастурида аҳоли уй-жой шароитларини яхшилаш, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, коммунал хизматларни ривожлантириш йўналишида давлат дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар партия гуруҳлари томонидан ўрганилди.

Эшитувда Андижон вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Муқаддас Султонова онлайн тарзда ўрганиш натижалари ҳақида ахборот берди. Натижалар билан бирга, бир қатор масалалар аниқланганини қайд этди. Куз-қиш ойларида коммунал хизматлардаги узилишлар аҳолига ноқулайлик туғдиришини, айниқса, нуронийлари, ёш болалари ёки беморлари бор оилалар қийналишини қайд этди.

Газ идоралари ходимларининг сўзларига қараганда, табиий газ берилишида узилишлар бўлишидан олдин маҳаллалар раислари мунтазам огоҳлантирилади. Аммо фуқаролар маҳалла раислари йилда бир ёки икки марта огоҳлантиришини билдирган. Шунинг учун ўчиришга зарурат бўлган ҳолларда “смс хабарнома” орқали хабар берилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклиф берилди.

Маҳаллаларга туман газ идораси ходими бириктирилган, лекин техник масалаларни жойида ҳал қилиб бера олмайди. Муаммоси бор истеъмолчи туман ёки шаҳар газ идорасига ўзи боришга мажбур. Аҳоли вакиллари ҳар йили ўтказилиши белгиланган техник кўрик деярли бўлмаслигини билдирган. Маҳаллаларга бириктирилган газ идораси ходимлари уйма-уй юриб, пул тўплаб кетади, холос. Эшитувда маҳаллаларга бириктирилган ходимларнинг профессионал хизмат кўрсатиш даражасини ошириш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Суюлтирилган газ билан таъминлашда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бироқ баъзи маҳаллаларда истеъмолчилар газ баллонлари 40-45 кунда эмас, 60-90 кунда алмаштирилаётганига эътироз билдирган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, вилоятдаги энг ечим кутилаётган муаммолардан бири туманларда янги қурилган кўп қаватли уйлардаги чиқинди сувлар, яъни канализациядир. Аксарият бундай уйларда яшовчилар чиқинди сувлар учун тармоқ йўқлиги сабабидан ўзлари чуқур қазиб олишган. Аммо уларнинг тез тўлиб қолиши қимматга тушаётгани, бундан бошқа муаммолар ҳам келиб чиқаётгани таъкидланди.

Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Сирожиддин Шоназаров пойтахт туманларидаги ўрганишлар натижаси ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, кейинги йилларда аксарият коммунал хизматлар сифати яхшиланган, буни депутатлар, фаоллар, истеъмолчилар эътироф этишган.

Лекин айрим туманларда муаммоли ҳолатлар кузатилмоқда. Мисол учун, “Янги Чоштепа” МФЙдан 232 та мурожаат келиб тушган бўлса, шулардан 30 таси бошқарув сервис компанияларининг (БСК) фаолиятидан норозилик билан боғлиқдир. “Навқирон” МФЙдан эса шу мазмундаги 40 та мурожаат тушган.

Қолган мурожаатлар бўйича статистика кўриб чиқилганда ҳам энг кўп мурожаат бошқарув сервис компаниялар фаолиятидан норозилик тўғрисида экани кўринади. Мавжуд бошқарув сервис компаниялари МЧЖ ҳисобланиб, тадбиркорлик мақомига эга. Уларнинг фаолиятига аралашиш, текшириш фақат Бизнес омбудсман рухсати билан амалга оширилиши мумкинлиги билдирилган.

Исчтеъмолчилар ва БСК ўртасидаги муносабат ёмонлашгани сари ҳокимиятга саволлар кўпаяверади. Ваҳоланки, кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот билан қонун талабларига мувофиқ ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида тузилади. Шартномалар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти кўпроқ фойдасига тузилгани, мулкдорларнинг ҳуқуқлари кам ҳисобга олинган.

Шундан келиб чиқиб, партия депутатлари ва фаоллари БСК билан тузилаётган шартномалар шаклини пухта ишлаб чиқиш кераклиги, уларни тегишли қонунда белгиланган талабларга мослаштириш зарурлигини таъкидлади. Шартномаларда икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб қўйилиши зарур.

Жамоатчилик эшитувида БСКлар бошқаруви ёки назоратини ҳокимиятдаги коммунал бўлимга бирлаштириш кераклиги ҳақида таклифлар ҳам янгради. Аҳоли томонидан ҳукумат порталига мурожаат қилинса, ижроси БСКларга эмас, ҳокимиятга келиб тушади. БСКлар фаолиятини ким қандай назорат қилади, улар ўз мажбуриятларини бажармаса, нима бўлади, деган саволга жавоб топиш маҳаллаларда, кўп қаватли уйларда ечими йўқдек масалага айланган.

Депутатлар жамоатчилик фаоллари билан бирга, БСКлар фаолияти бўйича асосий назорат, ҳуқуқ ва ваколат фуқаролар умумий йиғилишида экани, ўзаро ҳамжиҳатлик юқори маҳаллалар ва кўп қаватли уйларда хизмат сифати ҳам яхши экани ҳақида тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

 

Тадбирда ҳудудий мутасадди ташкилот ва корхона раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Депутатлар ўрганиш жараёнида аҳолидан тушган муаммо ва таклифларни билдирди.

Мақсадимиз коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасидаги камчиликларни элга ёйиш эмас, камчиликларни аниқлаш, соҳа мутахассисларига тақдим этиш ва бартараф этилишига ҳисса қўшишдан иборат, деди партия масъуллари ва депутатлар. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан хамкорликда чоралар кўришга келишиб олинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш