Халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси А.Иномов «Депутат маҳаллада» лойиҳаси доирасида аҳоли муаммоларини ўрганиш бўйича «Зарбдор» маҳалласида сайёр қабул ўтказди.
Тадбир давомида аҳоли томонидан ижарага ер ажратиш, болалар нафақаси, ногиронлик тайинлаш ва бошқа масалаларда мурожаатлар бўлди. Коммунал соҳасидаги, ногиронлик пенсиясини тайинлаш ва бола пули масалалари жойида ижобий ҳал этилди. Ичимлик суви, уй таъмирлаш ва яна бир қатор вақт талаб этадиган мурожаатларга ечим топиш бўйича муддат белгиланди.
Чирчиқ шаҳар Кенгаши ХДП гуруҳи аъзоси Ойбек Бозоров ҳам сайловчилар турмуш тарзини ўрганди. Хусусан, «Мурувват» МФЙ ҳудудида яшовчи “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи, боқувчисини йўқотган, оиласида ногиронлари бор, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ва ишсиз фуқаролар билан учрашув ўтказди. Ҳар бир мурожаат маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди, уларга ҳуқуқий маслаҳат берилди ва мурожаатлар, ўрганишлар юзасидан мутасадди ташкилотларга хат юборилди.
Масалан, фуқаро М.Бабақуловадан фарзанди Х.Бабақулованинг уйда туғилгани сабабли гувоҳнома ололмагани тўғрисидаги мурожаати юзасида зарур ҳужжатлар тайёрланиб, мутасадди ташкилотларга юборилди ва фуқаро Х.Бабақуловага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.