Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли
Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли

 

Кичик бизнес ўзгарувчан бозор талабларига тез мослаша олиши, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини шакллантириш орқали ижтимоий тенгсизликни юмшатиш имкониятларига эгалиги билан аҳамиятлидир. Мулкчиликнинг ушбу шакли жадал ривожланса, макроиқтисодий беқарорлик, ишсизлик каби муаммолар барҳам топиб, халқимиз турмуш даражаси юксалиши муқаррар.

Янги Ўзбекистон бизнесни юритишга доир халқаро рейтингларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб келаётгани юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, шаффофликни таъминлаш, аҳолини хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижаси, десак янглишмаймиз. Айниқса, хусусий секторда бизнес сезиларли барқарорлик ва ўсиш динамикасини намойиш этаётгани қувонарли.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 651 минг 807 тани ташкил этган. 2021 йилда бу рақам 436 минг 981 та бўлган. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида республика бўйича яна жами 12 минг 732 та кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган. Мана шу статистиканинг ўзиёқ юртимизда ўрта мулкдорлар сафи изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради. Ва эндиликда айни суръат янада жадал тус олишига ишончимиз комил. Зеро, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Янги Ўзбекистоннинг истиқболли стратегик йўлидир. Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан ўтказилган учрашувда алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

55 фоизлик марра

Учрашувда қайд этилганидек, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес иш ўринларини яратиш, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналишга айланди. Сўнгги беш йилда бу йўналишда тадбиркорлар сони икки карра кўпайди. Уларда 10 миллион 500 минг одам – жами банд аҳолининг 74 фоизи даромад топиб, рўзғор тебратяпти. Иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири шу соҳа ҳиссасига тўғри келяпти. Ушбу далиллар давлатимиз иқтисодиётини тараққий эттиришда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг улуши ҳамда иштироки қанчалар ҳал қилувчи роль ўйнашини кўрсатади.

Тадбирда соҳа ривожига йўналтирилган устувор вазифалар санаб ўтилди. Жорий йилда кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандартига кўмаклашиб, кичик бизнес экспортини ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга, соҳада банд аҳоли улушини 75 фоизга етказиш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, юз нафардан кўп ишчиси бор корхоналарни 4 мингтага олиб чиқиш, кичик бизнес иштирокида 200 та стартап лойиҳаларни молиялаштириш каби аниқ мақсадлар қўйилмоқда. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқларидаги анъанавий фаолиятдан ташқари ичимлик суви, канализация, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик, етказиб бериш, утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда ҳам кичик бизнес улушини 2-3 карра ошириш кутилмоқда. Бундай мақсад ва вазифалар учун 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар йўналтириляпти.

 

Ойбек МАМАТҚУЛОВ,

халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати:

– Аҳолини, хусусан, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламлар – аёлларни, ёшларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, айрим сабабларга кўра ишсиз бўлганларни меҳнат бозорида талабгир касб-ҳунарларга ўқитиш чора-тадбирлари аллақачон ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу жараёнда ишбилармонлик лаёқатига эга, шижоатли опа-сингилларимизни, йигит-қизларимизни хусусий тадбиркорликка жалб қилиш қамрови ҳам кенгайиб бормоқдаки, бугун юртимизнинг қай манзилига, қай маҳалласига борманг, кичик бизнес лойиҳаларини амалга ошириб, нафақат рўзғорини бутлаган, балки ўнлаб иш ўринларини очиб, маҳалладошлари учун муқим даромад манбаини яратган, тадбиркорлигини кенгайтиришга аҳд қилган ғайратли аёлларимизни, ёшларимизни учратасиз.

Давлатимиз раҳбари кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда аҳоли ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш учун 22 триллион сўмлик имтиёзли ресурс ажратилиб, шунинг 2,5 триллион сўми ёшларга, яна шунчаси аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун йўналтирилишини айтиб ўтди. Эътиборлиси, аёл тадбиркорларга бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун молиявий кўмак тури – кредит ставкаси бошқаларга нисбатан 2 фоиз арзон бўлади. Бу бизнесга қадам қўйган, оила ва фарзандлар тарбиясидан ортиб, жамиятга, мамлакат иқтисодиётига наф келтириш ниятида бўлган опа-сингилларимиз учун катта мададдир.

Дарҳақиқат, юртимиз тадбиркорлари сафида аёлларнинг улуши ошиб бормоқда. Бундай ижобий кўрсаткич хотин-қизларда фаоллик, ташаббускорлик, молиявий мустақилликка эришишга интилиш ҳисси ортаётганини исботлайди. Давлатимиз томонидан уларга ҳар тарафлама шарт-шароитлар яратилаётгани, муайян имтиёз ва имкониятлар тақдим қилинаётгани айни муддао бўлмоқда.

Сал аввалроқ, яъни, шу йилнинг 14 март куни Президентимиз «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган, унга кўра, 1 майдан ижобий кредит тарихига эга опа-сингилларимизга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши, 250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжатда «Ҳамроҳ» тадбиркор аёлларни қўллаб-қуватлаш дастури доирасида қатор мақсадли вазифалар кўзда тутилганки, ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришдан тортиб, маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда сотиши учун кўмаклашишгача бўлган узвий жараён қамраб олинган.

Демоқчиманки, аёлларимиз, қолаверса, мустақил ҳаётга қадам қўйиб, ишбилармонлик салоҳиятини кўрсатишга бел боғлаган ёшларимиз кичик ва ўрта бизнесда мустаҳкам ўрин топиши учун узоқни кўзлаган ҳолда истиқболли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу вазифалар эса партиямиз мақсад ва ғояларига уйғун, ҳамоҳанг эканини яна бир бор эслатиб ўтиш ўринли, албатта.

 

Муҳаммад МИРЗАЕВ,

халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши депутати:

– Кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан мулоқотда Президентимиз соҳа ривожини янги босқичга кўтариш учун жорий этиладиган қатор янгиликларга тўхталиб ўтди. Масалан, оилавий тадбиркорлик учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш йўлга қўйилиши, кичик бизнесга 300 миллион сўмгача кредит ажратилиши бу соҳада фаолиятини бошлаган ҳамюртларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Таъкидланганидек, янги тадбиркорлар «оёққа туриб олиши» учун фаолиятининг биринчи йили муҳим. Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «биринчи имконият» тамойили жорий этилади. Яъни, илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун имкон берилади.

Ҳозирда фаолиятни тугатиш учун барча тоифадаги тадбиркорларга бир хил талаб белгиланган. Энди бу жараён ҳам соддалашади. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайдиган бўлди.

Маълумки, юртимизда 2028 йил 1 январга қадар қўшимча қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкаси оширилмаслиги белгиланган. Энди кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилингани, моҳиятан олиб қараганда, соҳа вакиллари учун тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлайди.

Фермерлар орасида солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилгани - бу табиат инжиқликларига басма-бас келиб, ердан эл ризқини ундириш машаққати билан меҳнат қилаётган деҳқонларимиз учун яхшигина енгилликдир.

Асосийси, юртимизда тадбиркорлик субъектлари ҳамиша қонун ва давлат ҳимоясида эканига урғу берилди. Жойларда ҳокимлар ер танлашда, энг аввало, ишини йўлга қўйиб, ривожланиш истагида юрган тадбиркорлар сўраган жойларни аукционга чиқариши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, бу йилнинг ўзида Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот туманлари ҳамда Янгийўл ва Марғилон шаҳарларида барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирилиши, натижада бўшайдиган 150 та бино аукционда тадбиркорларга таклиф қилинишини соҳа вакилларини комплекс қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳақчил ёндашув, десак янглишмаймиз. Бундай ёндашувни қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кузатиш мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларида 5 минг гектардан зиёд ер янгича тартибда ижарага берилмоқда. У ерда тадбиркорлар ўзи хоҳлаган экинни экиб, бир қисмига сақлаш, саралаш, қадоқлаш қувватлари қуриш имкониятга эга бўлади.

Ишлаб чиқариш йўналишида бизнес қилиш доимо жозибадор. Лекин ҳамма ҳам ишни нимадан бошлашни, технология ва мутахассисларни қандай олиб келишни билмайди. Шу нуқтаи назардан республикамизда 20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари очилиши, уларга хорижий муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер ва маркетологлар жалб қилиниши кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Ҳозир бутун дунёда шиддат билан ривожланаётган сунъий интеллект, рақамли ва яшил технологиялар, креатив хизматлар соҳасидаги лойиҳалар учун ҳам қулай шароит яратиб берилиши кичик бизнеснинг замон билан ҳамнафас бўлиб, янги бозорларга кириш, жаҳон брендларини яратиш, илғор стартапларни юзага чиқаришига кўмаклашади.

Президентимиз кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини, янгилик қилишдан чарчамайдиган тадбиркорларга доимо энг яқин кўмакчи, таянч ва суянч бўлишини айтди.

Янги Ўзбекистоннинг бизнес салоҳиятини юксалтиришда яна бир муҳим қадам қўйилмоқда. Бу жараёнда биз, депутатлар соҳа вакилларига елкадош бўлиб, уларга яратиб берилаётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланишларида кўмакчи бўламиз.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 26.3.2025, №12

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш