Ўзбекистоннинг халқаро аҳамияти ошаётгани ифодаси
Ўзбекистоннинг халқаро аҳамияти ошаётгани ифодаси

 

Шу йил 5-9 апрель кунлари Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси юртимизда бўлиб ўтади. Бу нуфузли йирик анжуманга мезбонлик нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақаси учун ҳам ўзига хос аҳамият касб этади, парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш ва давлатлараро мулоқотни ривожлантириш учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.

Мазкур Иттифоқ дунёнинг энг йирик парламентлараро ташкилотларидан бўлиб, 1889 йилда ташкил этилган. Унга 200 га яқин миллий парламент аъзо бўлиб, халқаро дипломатия ва қонунчилик ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим платформа ҳисобланади.

Ўзига хос юбилей ассамблеянинг бизда ўтказилиши мамлакатимизга халқаро майдондаги ишонч ва эътиборнинг ошганини кўрсатади. Минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланишга қаратилган Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганининг исботи ҳамдир.

Дунё мамлакатларининг парламент раҳбарлари, сиёсатчилар ва экспертлар иштирок этиши қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият беради. Ассамблея доирасида турли давлатлар билан қонунчилик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва янги ташаббусларни амалга оширишни муҳокама қилиш мумкин бўлади.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақавий барқарорликни таъминлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Ассамблея доирасида Марказий Осиё масалалари, чегара хавфсизлиги, иқтисодий ривожланиш ва экологик муаммолар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Яна бир жиҳати, жаҳоннинг турли нуқталаридан келган делегатлар Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси билан, кейинги йиллардаги ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш ва электрон ҳукумат тизимини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ассамблея доирасида рақамли парламент, давлат хизматларини рақамлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш каби масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг ушбу йўналишлардаги тажрибасини бойитишга ва янги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Шокиржон Аҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси,

Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш