Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши томонидан Чирчиқ давлат педагогика университетида “Ёшлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Қосимова, партия Марказий Кенгаши Ёшлар сектори раҳбари М.Низомиддинов, Ёшлар Иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши раиси М.Ҳамзаев ҳамда вилоят кенгаши масъуллари, фаол ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларни мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, жамиятнинг ҳақиқий таянчига айлантириш устувор ҳамда стратегик вазифаларидан биридир. Шунингдек, ёшларга ажратилаётган имтиёзли кредитлардан мақсадли фойдаланиб, муҳим ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим саналади.
Чирчиқ давлат педагогика университети Ёшлар Иттифоқи Бошланғич ташкилоти етакчиси, партия фаоли Улуғбек Очилов сўзга чиқиб, сиёсий маданият ва сиёсий онгни ёшлар ўртасида ривожлантириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан “Бир кун” ёки “Музокара вақти” давра суҳбатларини ўтказиш ҳақида таклиф билдирди. Шу билан бирга, партия тасарруфида қонун ҳужжатларини ўрганиш бўйича ўқув дарслари ва учрашувлар ўтказиш, партия ташаббуси остида ёшлар томонидан ҳайрия акция ҳамда челенжлар йўлга қўйиш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу таклифлар тадбир ташкилотчилари томонидан назоратга олинди.
Тадбир якунида партиянинг дастурий мақсадларига хайрихоҳ бўлган бир гуруҳ ёшлар партия аъзолик сафига қабул қилинди.
Малоҳат ЭРГАШЕВА,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати раҳбари.