
Янги Ўзбекистон бугунги кунда катта нуфузли тадбирга тайёргарлик кўрмоқда, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси 5-9 апрел кунлари юртимизда ўтказилади. Мазкур йирик тадбир мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида муҳрланади.
Дунёдаги ушбу нуфузли тузилма барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибасига эга мамлакатларда ўзининг олий органи – Ассамблея йиғилишларини ўтказади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини тасдиқлайди.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказиладиган ассамблеянинг туркум йиғилишларида жаҳон мамлакатлари парламентлари делегациялари қатор йўналишларда муҳокамалар олиб борадилар. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш; қонун устуворлигини таъминлаш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; гендер тенгликни таъминлаш; илм-фан, технологияни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Бу, мавзулар албатта, бежизга танланмаган. Чунки, кейинги йилларда мамлакатимиз Президенти бошчилигида ушбу соҳаларда муҳим ижобий натижаларга эришилди. Аввало, камбағаллик мамлакатимизда расман тан олиниб, унинг олдини олиш учун алоҳида вазирлик ташкил этилди ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида йўл хариталари тасдиқланди.
Бош қомусимизнинг 1-моддасида ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамланди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон-2030 стратегиясида кенг кўламли ишларни амалга ошириш мақсад қилиб олинди.
Ассамблея Ўзбекистоннинг мана шундай ижобий тажрибасини жаҳон мамлакатлари билан бўлишиш, ўртоқлашиш имкониятини ҳам беради.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.