Ижтимоий тараққиёт учун глобал ҳаракат
Ижтимоий тараққиёт учун глобал ҳаракат

 

Дунёнинг турли нуқталарида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият танглиги муаммоларни ҳал қилиш ва реал мулоқот муҳитини яратишни тобора мураккаблаштирмоқда. Мана шундай вазиятда дунё давлатлари парламентларининг ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги катта аҳамият эгадир. Парламентлараро иттифоқнинг мамлакатимизда ўтадиган 150-юбилей Ассамблеяси шу томондан ҳам тарихий тадбир, десак муболаға бўлмайди.

Жаҳон парламентларининг энг нуфузли ташкилоти ҳисобланадиган Парламентлараро иттифоқ “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деган умумий шиор остида ҳаётий долзарб мавзуларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ижтимоий тараққиёт давлатлар ва халқларни жипслаштирадиган ўта муҳим мезон ҳисобланади. Ижтимоий тараққиёт ва барқарорликсиз мамлакатлар равнақ топиши, сиёсий вазият мустаҳкам бўлиши имконсиздир. Парламентлараро иттифоқнинг кун тартиби шу маънода ҳам жаҳон ҳамжамияти учун устувор аҳамиятга эга.

Дунё мамлакатлари парламентлари делегациялари юртимизда муҳокамалар олиб борадиган асосий йўналишлардан бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўлади. Ижтимоий тараққиёт учун шу икки ҳаётий ва бир-бирига чамбарчас боғлиқ масалаларда самарали ҳаракат қилиш талаб этилади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадлари ҳам ана шу эзгу ва стратегик мақсадларга таянади.

Алоҳида қайд этиш керакки, бу йўналишда Ўзбекистонда кейинги йилларда улкан тажриба тўпланди, муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, зарур натижаларга ҳам эришилмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича вазифаларни бажариш, янги имкониятлар топиш, ижтимоий-иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш давлат ва жамиятимизнинг доимий кун тартибига айланди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қисқа муддатда катта натижаларга эришаётган, бу бўйича стратегик мақсадлар қўйган мамлакат сифатида Ўзбекистон дунё миқёсида муносиб эътироф этилади.

Ижтимоий тараққиёт кенг маънога эга тушунча экани маълум. Бу аввало одамларга яшаш, ўрганиш, меҳнат қилиш, саломатлигини асраш ва ҳимояланиш билан боғлиқ имкониятларнинг кафолатланган бўлиши ҳамдир. Инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари ана шу кафолатларсиз таъминланмаслигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Бугун бутун дунёда фуқаролар бирламчи ҳуқуқларини монеъликсиз амалга ошириши учун шароит яратиш, ҳукуматларни халқлар олдида шунга масъулиятли қилиш зарурати ошиб бормоқда.

Давлатнинг ижтимоий тараққиёт учун халқ олдида масъуллиги борасида Ўзбекистонда ўзига хос тажриба тўпланмоқда. Факт ва рақамлар, асосийси, ҳаётий натижалар буни исботлаб турибди. Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Шу асосда ижтимоий ҳимоя тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда. Мисол учун, барча ҳудудларимизда “Инсон” марказлари очилиб, 102 та ижтимоий хизмат маҳаллаларда йўлга қўйилди. Келаси йил 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича қатъий вазифалар белгиланган.

Ижтимоий ёрдам олишни тизимлаштириш мақсадида 10 дан ортиқ ҳужжат тайёрлаш ва топшириш талаби бекор қилиниб, ягона “ижтимоий карта” жорий этилмоқда. Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, бу йилдан яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланган. Бундай факт ва рақамлар ижтимоий тараққиёт ва адолат учун ниҳоятда муҳим, албатта.

Кейинги йилларда парламент дипломатияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. 2017 йилдаёқ, яъни янги ислоҳотлар даври бошланиши билан юртимиз Парламентлараро иттифоққа аъзолигини қайта тиклаганини таъкидлаш керак. Ўтган қисқа давр ичида миллий парламентимиз дунё мамлакатлари парламентлари, шунингдек, иттифоқ билан барқарор ва ишончли ҳамкорлик муносабатларини ўрнатди, айни вақтда доимий ривожлантириш ҳаракатида.

Ватанимизда ўтадиган Ассамблея парламентлараро стратегик ҳамкорлик алоқаларининг изчил тус олиши учун, дунёдаги ижтимоий тараққиёт учун муҳим глобал мулоқот платформасига айланишига ишонамиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш