
Бугунги кунда Ўзбекистон катта нуфузли тадбирга тайёргарлик кўрмоқда. Яъни, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси шу йил 5-9 апрель кунлари Марказий Осиё минтақасида илк бор Ўзбекистонда ўтказилади.
Дунёнинг 180 парламентини бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибасига эга мамлакатларда ўзининг олий органи — Ассамблея йиғилишларини ўтказади. Ушбу тадбирни мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва парламентаризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини тасдиқлайди.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказиладиган ассамблеянинг туркум йиғилишларида жаҳон мамлакатлари парламентлари делегациялари қатор йўналишларда муҳокамалар олиб борадилар.
Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан, технологияни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Албатта, ушбу мавзулар бежиз танланмаган. Чунки, сўнгги 7 йилда мамлакатимиз Президенти бошчилигида ушбу соҳаларда сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Аввало, камбағаллик мамлакатимизда расман тан олиниб, камбағалликни олдини олиш учун алоҳида вазирлик ташкил этилган ҳолда камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида йўл хариталари тасдиқланди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамланди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида кенг кўламли ишларни амалга ошириш мақсад қилиб олинди. Ассамблея, Ўзбекистоннинг мана шундай ижобий тажрибасини жаҳон мамлакатлари билан бўлишиш, ўртоқлашиш имкониятини ҳам беради.
Ушбу нуфузли тадбирнинг мамлакатимизда ўтказилиши парламентлар ўртасида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон парламенти фаолияти билан танишиш, 2030 йилгача бўлган стратегияни амалга оширишда парламентларнинг иштирокини кенгайтириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашда парламентлар ҳамкорлигини кўриб чиқишга хизмат қилади.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.