Ижтимоий тараққиёт учун парламент масъулияти
Ижтимоий тараққиёт учун парламент масъулияти

 

Пойтахтимизда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори самарадорлик билан ўтмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ассамблея очилишида нутқ сўзлаб, барча қитъалардан келган нуфузли делегацияларни самимий қутлар экан, турли минтақалардаги ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиётни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этаётганини қайд этди. Дарҳақиқат, вакиллик дипломатиясини кучайтириш, долзарб масалаларни умумий манфаатлар асосида ҳал этишда Парламентлараро Иттифоқ стратегик аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари нутқида кейинги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортгани ҳолда, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармай қолаётгани, агар шу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечириши, 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиши таъкидланди. Бу рақамлар барчамизни чуқур ўйга толдиради.

Дунё давлатларида ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлаш парламентлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Бунинг учун вакиллик органлари доимий фикр ва тажриба алмашиб бориши, ижтимоий тараққиёт йўлидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ташаббускорлик кўрсатиши тақозо этилмоқда.

Нутқда тинчлик ва хавфсизлик, иқлим ўзгаришлари, хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш каби ижтимоий тараққиёт учун жуда муҳим бўлган масалалар қаторида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди. Бу борада доимий мулоқотни кучайтириш мақсадида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини юртимизда ўтказиш таклиф қилинди.

Жамиятнинг ҳар томонлама барқарор тараққий этиши ёшларнинг фаоллиги ва барча жараёнларда бевосита қатнашишига чамбарчас боғлиқ, албатта. Таълим-тарбияда, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва меҳнат фаолиятида, умуман фундаментал ҳуқуқларни амалга оширишда тенглик таъминланадиган бўлса, ёшлар ўзларини тўлиқ намоён қилади. Ёшлар давлатлар ва минтақалардаги долзарб масалаларни самарали ҳал этишда ҳам шижоат кўрсатади. Шу маънода дунё ёшлари ўртасида парламент институтлари орқали доимий мулоқот ўрнатилиши ҳаётий ташаббусдир.

Ижтимоий тараққиёт ва адолатга эришишнинг муҳим омилларидан бири ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга доир ҳуқуқларини таъминлаш ҳисобланиши бежиз эмас. Мамлакатимизда бу борада глобал чақириқларга муносиб ислоҳотлар изчил тус олмоқда. Ўзбекистон ижтимоий давлат экани ижтимоий сиёсатда амалий ифодасини топиб келмоқда. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури юқори сафарбарлик ва масъулият билан амалга ошириляпти, жараёнда нафақат ижро ҳокимияти, шу билан бирга, вакиллик идоралари ҳам бевосита иштирок этмоқда, ижтимоий тараққиёт учун парламент ҳаракати вазифасини бажаришга интилмоқда. Айтиш мумкинки, Ассамблея кун тартибидаги масала бўйича Ўзбекистонда тизимли саъй-ҳаракатлар бошланган.

Ассамблея ишидаги қизғин мулоқот ва учрашувларни кузатар эканмиз, бутун дунё парламентлари вакиллари юртимизда умумий тараққиёт учун фикр алмашиш имкониятига эга бўлганидан самимий ифтихор туямиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш