Президентимиз ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътиборида бўлади
Президентимиз ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътиборида бўлади

 

Юртимизда катта фаоллик билан ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг Ассамблеясида 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд делегатлар қатнашаётгани унинг жаҳон сиёсатидаги нуфузини кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг очилиш маросимидаги нутқи илғор демократик давлатлар парламентлари вакиллари, халқаро экспертлар томонидан юксак эътироф этилмоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида эришилган ижобий натижалар Ассамблея шиорига айланган ижтимоий тараққиёт ва адолат учун хизмат қилмоқда.

Нутқда бугунги дунёни ташвишга солаётган ўткир муаммолар, таҳдидлар, амалий таклифлар, ҳаётий ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари дунё миқёсида тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этаётганлигига барчамизни эътиборини қаратди.

Инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаётганлиги, агарда бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечириши, 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиши каби масалаларни бутун дунё парламентарийлари диққатига ҳавола қилди. Ечим сифатида давлатларнинг вакиллик органлари бирлашган ҳолда ҳаракат қилиши таклифи билдирилди.

Юртимизда парламентаризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни бир неча карра оширилди. Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилганлиги Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Яна бир жиҳат, айни кунда Қонунчилик палатаси Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, коррупцияга қарши курашиш каби ўта долзарб масалалар юзасидан тизимли фаолиятни амалга ошириб келмоқда.

Қолаверса, миллий парламентимиз дунёга ҳам кенг очилмоқда. Жумладан, 80 та қўшма дўстлик гуруҳлари ва комиссиялар фаолияти самарали йўлга қўйилган. Дўстлик гуруҳлари томонидан қонун ижодкорлиги, ҳукуматлараро имзоланган шартномаларнинг ижроси юзасидан парламент назоратини олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Президентимиз дунё парламенти ҳамжамияти эътиборини бир қатор муҳим масалаларга қаратди. Жумладан, ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлиги қайд этилди.

Биз бу фикрнинг қанчалик ҳақиқатлигини юртимиздаги, ҳудудлар ва маҳаллалардаги ислоҳотларда кўриб турибмиз. Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституциямизда мустаҳкамланди, аҳолини ҳар томонлама ҳимоясини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Бу борада комплекс ижтимоий ҳимояни амалга ошириш мақсадида алоҳида институционал орган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ҳар бир оила, индивидуал шахс манзилли қўллаб-қувватланмоқда. Биргина 2024 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлар учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган 10 дан зиёд қонун қабул қилинди.

Камбағалликка қарши кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада охирги саккиз йилда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилаётган бўлиб, жорий йил якуни билан бу кўрсаткични 6 фоизга пасайтириш марраси олинган.

Эътиборимни тортган жиҳат, анжуманда Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши курашиш бўйича эришилган натижалари ва тажрибаси барча иштирокчилари томонидан бардавом олқишланди.

Ҳозирги кунда барча жабҳаларга кенг кириб келаётган сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш таклифи ҳам бутун дунё қонун ижодкорлари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқида билдирилган таклиф ва ташаббуслар Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътибори ҳамда кун тартибида бўлишини Иттифоқ Президенти Тулия Эксон алоҳида таъкидлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш