ЎзХДП фракцияси позицияси: Қонун лойиҳаларида мутаносиблик тамойили бузилмаслиги зарур

 

Битта ҳуқуқбузарлик учун фуқарони бир неча марта жазолаш мумкин эмас. Шунингдек, белгиланган жазо ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида қонун лойиҳалари кўриб чиқилаётганда, бу фикрларни бир неча марта такрорлашга тўғри келди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик тамойилига амал қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Фракция аъзоси Фирдавс Шарипов қонун лойиҳасида мутаносиблик бўйича конституциявий тамойилга амал қилиш зарурлигини таъкидлади, кодексга киритилаётган ўзгартиришларни мутаносиблик тамойилига мувофиқ чуқур таҳлилдан ўтказиш кераклигини билдирди. Депутат ўз фикрларини давом эттириб, асосий мақсадда жазо миқдорларини ҳам қайта кўриб чиқиш назарда тутилгани, аммо лойиҳада бу масала етарлича қамраб олинмаганини қайд этди.

Фракциямиз аъзоси Зокиржон Зоҳидов бу фикрларни қўллаб-қувватлаб, жарималар миқдорлари аҳоли реал даромадларига мувофиқ бўлиши муҳимлиги, партиямиз электорати манфаатлари учун бу алоҳида аҳамиятга эгалиги, қўлланиладиган жарималарнинг миқдори бўйича ижтимоий тармоқларда, сайловчилар билан учрашувларда турли фикрлар айтилаётганини билдирди. Жарималарнинг миқдорлари ҳуқуқий чора доирасидан чиқиб кетмаслиги зарурлиги, диффиренциал (моддий ҳолати ва такрорийлигига қараб ўзгарувчан) жарималарни қўллаш лозимлигини таъкидлади. Жазо чоралари билан ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси чуқур таҳлиллардан ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасини юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, қайта ишлаш шарти билан қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи яна бир қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар бўлди.

Хусусан, фракция аъзоси Дилбар Мамаджанова маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритиш фақат жабрланувчининг аризаси асосида бошланиши, акс ҳолда, иш юритиш истисно қилиниши ҳақидаги қўшимча жазонинг муқаррарлиги тамойилига мос эмаслигини билдирди. Хусусан, бундай ўзгариш жабрланувчининг ариза билан мурожаат қилиш имконияти бўлмаган ҳолатларда, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаат қилиш имкониятини чеклаб қўйиши мумкинлигини, шунинг учун кодекснинг 52-моддасига таклиф этилаётган таҳрирни қайта кўриб чиқиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Депутатларнинг аксарияти қонун лойиҳасида таҳририй камчиликлар мавжудлиги ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлади, унинг масъул қўмитага бошқатдан таҳрир учун қайтарилиши ҳақида якдил қарор қабул қилинди.

Фракция мажлисида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича ҳам турли мунозаралар юзага келди.

Депутатлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жуда муҳим институт эканини, унинг самарадорлигини ошириш бўйича мутасадди идоралар томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини эътироф этишди.

Шу билан бирга, профилактика ишларини шахснинг устувор ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмаган ҳолда, ўтказиш тўғри бўлишини билдиришди. Депутат Шокиржон Аҳмедов фикрини битта мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қилди. Масалан, ҳуқуқбузар ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш хуқуқидан маҳрум қилиш биринчи жазо чораси, унга нисбатан жарима тайинланиши иккинчи жазо чораси экани, таклиф этилаётган янги қонун лойиҳаси бўйича Ички ишлар томонидан профилактик ҳисобга олиниши фуқарога нисбатан яна битта ҳуқуқбузарлик чорасига айланиб қолиши эҳтимоли борлигини айтди. Бундай янги меъёр жамият томонидан “рўйхатда туриш” шаклида қўшимча жазо сифатида қабул қилиниши мумкинлиги билдирилди.

ЎзХДП аъзолари бу борада жиддий саволлар билан мутасаддиларга юзланди. Профилактик ҳисобда туриш ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир тушунтирилди.

Депутат Анвархон Темиров қонун лойиҳаси дастлабки концепцияга, тушунтириш хатида келтирилган мақсадларга мос келиши лозимлиги, қонун лойиҳасини шу нуқтаи назардан қайта таҳрир қилиш лозимлигини айтиб ўтди.

Депутатлар фракциянинг позицияси ялпи йиғилишга қадар қонун лойиҳасида ҳисобга олиниши шарти билан қўллаб-қувватлаб овоз беришди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш