ЕОИИ билан ҳамкорлик: ўрганиш, таҳлил этиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда
ЕОИИ билан ҳамкорлик: ўрганиш, таҳлил этиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда

 

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “...фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиши билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак”, деб таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, биз, депутатлар халқ вакиллари сифатида бу интеграция жараёнларида фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ. 2020 йилнинг 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида Ўзбекистонни ЕОИИ билан ҳамкорлигига оид масалалар кўриб чиқилди. Кенгаш йиғилишида бу ҳамкорлик негизида миллий иқтисодиётимиздаги мавжуд тармоқ ва соҳаларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш каби долзарб вазифалар турганлиги қайд этиб ўтилди.

Таъкидлаш лозимки, жаҳон иқтисодиётида глобаллашув жараёнлари янада чуқурлашаётган бир пайтда миллий иқтисодиётимизни соғломлаштириш ва янада ривожлантириш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликларни кенгайтириш муҳим вазифалардан саналади.

Давлатимиз раҳбари ва Ҳукумат томонидан сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятига демократик тамойилларга асосланган очиқлик сиёсатининг юритилаётганлиги бизнинг манфаатларимизга хизмат қиладиган ҳар қандай иқтисодий интеграциялар билан ҳамкорлик қилиш масалаларини чуқур ўрганишимизга ундайди.

ЕОИИнинг мақсад ва вазифаларига ўз доирасида товарлар, хизматлар, капитал, меҳнат ресурсларининг яхлит бир бозорини шакллантириш, аъзо давлатлар аҳолисининг фаровонлик бўйича яшаш даражасини ошириш, миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ривожлантириш, шунингдек, барқарор ривожланиш учун кенг имкониятлар яратиш ва шу кабилар киради.

Албатта, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши унинг бевосита минтақавий ва халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлиги самарадорлигига ҳам боғлиқдир. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи бўйича ўрганиш, таҳлил этиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Фракция аъзолари ҳар қандай иқтисодий интеграция ва ҳамкорлик натижаси — биринчи ўринда халқимиз фаровонлигини оширишга, аҳолини кам таъминланган қатламини кучли ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилиши лозимлигига эътибор қаратишяпти.

Албатта, ҳар қандай иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий ва салбий томонлари мавжуддир. Шу жиҳатдан олганда, ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини ўрганганимизда, унинг ҳаётимизнинг барча жабҳалари билан бирга, иқтисодиётимизнинг барча тармоқ ва соҳаларига таъсир қилиши мумкин бўлган фойда ва зарарларини ҳам таҳлил қилишимиз зарур.

ХДП фракцияси томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини ўрганиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар режасига мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Транспорт ҳамда Уй-жой коммунал вазирликлари билан бирга, ушбу ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини соҳалар бўйича чуқур таҳлил қилиш ҳамда тегишли маълумотлар тайёрлаш вазифаси белгилаб олинди.

Шунингдек, ХДП фракцияси ҳамкорлик масаласини ўрганиш жараёнида, биринчи навбатда, партия электорати манфаатларидан келиб чиқаётганлиги ҳам, бизнинг ҳақиқий маънодаги халқ партияси эканлигимизга яна бир далилдир.

ЕОИИ дунёда ҳудуд бўйича биринчи ўринни, ЯИМ бўйича — ўнинчи, аҳоли сони бўйича саккизинчи ўринни эгаллаши ушбу иқтисодий интеграция билан ҳамкорлик қилиш масаласини долзарб масалалардан бири сифатида чуқур ўрганишга ундайди.

Шунингдек, ЕОИИ ҳудудида расмий маълумотларга кўра, 2,5 млн.дан ортиқ юртдошларимиз ўз меҳнат фаолиятларини олиб бораётганининг ўзи бу ҳамкорликни чуқур таҳлил этишга асос бўла олади. Чунки, меҳнат қилаётган мигрант фуқароларимизнинг тўлиқ ҳуқуқий ҳимояси ҳам ҳамкорлик самарасига боғлиқдир.

Умуман айтганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги қандай форматда бўлишидан қатъий назар, унинг халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши энг муҳим вазифалардан бири саналади.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

www.xs.uz


Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш