Дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кундан-кун мураккаблашмоқда. Давлатлар пандемияга қарши кураш чораларини кенгайтириб, қатъий чекловлар ўрнатишга мажбур бўлмоқда. Мамлакатимизда ҳам аҳоли соғлиғини сақлаш, иқтисодиёт тармоқларини чекловлар оқибатида юзага келадиган зарарлардан имкон қадар ҳимоялаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини янада қийин ҳолатга тушиб қолишдан асраш бўйича керакли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ушбу долзарб масалаларга бағишлаб ўтказган охирги видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар, халқимизга йўлланган мурожаат, коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган навбатдаги фармон мамлакатимизда юзага келган вазият қанчалик жиддий экани, давлат ташкилотлари билан бирга, фуқаролар зиммасида турган вазифалар ҳақида аниқ-равшан тасаввурга эга бўлиш, масъулиятни чуқурроқ ҳис қилиш имконини берди.
Халқ демократик партияси юртимизда коронавирусга қарши курашиш, унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, қўлланаётган чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Айниқса, партиямиз электорати манфаатлари ҳимояси ҳисобга олинаётгани, жамиятнинг кам даромадли, эҳтиёжманд қатлами муҳофаза этилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу ишлар халқимиз орасида қийин вазиятда янада жипслашиш, бир-бирига руҳий мадад бўлиш каби эзгу фазилатлар юқори даражага кўтарилишига хизмат қиляпти.
Коронавирус хавфи билан боғлиқ вазият кўплаб соҳаларни таҳлилдан ўтказиш, ҳаёт сабоқларига асосланган хулосалар чиқариш мажбуриятини ҳам зиммамизга юклади.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили Давлат дастурида белгиланган камбағалликни камайтириш дастурини ҳар томонлама мукаммал, муҳими, БМТнинг барқарор тараққиёт дастурида кўзда тутилган мақсадларга мувофиқ ишлаб чиқиш, уни самарали амалга ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Карантин кунларида чиқарган муҳим хулосаларимиздан бири шуки, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган. Бу ўринда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ, йиллар давомида эътибордан четда қолиб келаётган масалалар ҳам бор. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси ўз фаолиятида шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратади.
Хусусан, фракциямиз Конституциямизда белгиланган «тирикчилик учун зарур энг кам миқдор»ни белгилаш, бунинг учун «яшаш минимуми» ҳақида қонун қабул қилиш ташаббуси билан чиқяпти. Ишлашига қарамай рўзғор тебратишга қийналаётган, пенсия ва нафақа олувчи юртдошларимизнинг манфаатларини ҳимоялашда, эҳтиёжмандлик ва камбағаллик чегараларини аниқлашда, бу борадаги ёндашувимизни халқаро меъёрларга мослаштиришда ушбу қонун ниҳоятда катта аҳамият эга бўлади. Шунинг учун фракциямиз қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқишга киришган. Яшаш минимуми белгиланиши партиямиз учун принципиал масала ҳисобланади. Демак, парламентда бизнинг фракция қатъий ташаббускорлик ва натижадорликка интилиши зарур.
Шунингдек, фракциямиз, барча даражадаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурида назарда тутилган Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, унда электорат вакилларини ўйлантириб, қийнаб келаётган масалалар бўйича ечимларни акс эттириш жараёнларида фаол иштирок этиши талаб этилади. Биз бу вазифага партиямиз дастурининг асосий йўналиши саналадиган ижтимоий ҳимоя масалаларни мамлакат миқёсида тизимли ҳал қилиш имконияти, деб қарашимиз зарур.
Фракциямиз, маҳаллий Кенгашлардаги барча даражадаги депутатларимиз жойларда ижтимоий адолат тамойилига амал қилиниши, хусусан, давлат бюджетидан ижтимоий муҳофазага йўналтирилган маблағлар шунга ҳақиқатда эҳтиёжмад кишиларга етиб бориши, ижтимоий дорихоналар фаолияти доимийлиги, «Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйларида яшаётганлар ҳаёт шароитини яхшилаш, уларга тиббий ва ижтимоий воситалар етказиб берилиши билан боғлиқ йўналишларда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириши муҳим аҳамиятга эга. Айрим маҳаллий кенгашларда партия гуруҳларимиз бу масалаларни ўрганиб, муҳокамага олиб чиқди, лекин умумий фаолиятимизда изчиллик ва қатъият етишмаяпти.
Коронавирус хавфи кучайган, сифатли тиббий хизмат тизимининг зарурати жуда ортган шароитда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқур таҳлилдан ўтказиш керак.
Албатта, ҳозирги кунда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўриляпти, касалликка чалинган ва карантинга олинган фуқароларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Инқирозга қарши кураш жамғармасидан керакли маблағлар ажратиляпти, коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланяпти.
Аммо бу соҳада тизимли муаммолар йиғилиб қолгани кўпчиликка сир эмас. Коронавирус хавфи бартараф этилгандан кейин партиямиз соғлиқни сақлашнинг қуйи тизимида чуқур ислоҳотларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайди. Аввало, ҳудудларда шифокор кадрлар, тиббиёт ходимлари тақчиллиги (айрим ҳудудларда 30-40 фоиз ўринлар вакант турибди), қишлоқ жойларда бирламчи тиббий хизматни самарали йўлга қўйиш, шифокорларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бу касбнинг мавқеини ошириш билан боғлиқ муаммоларни пухта ўйлаб ҳал этиш чоралари кўрилиши зарур. Партиямиз Сайловолди дастурида ҳудудларда кадрлар тақчиллигини бартараф этиш мақсадида маҳаллий ёшларнинг ўша ҳудудда ишлаб бериш мажбурияти асосида олий таълим муассасаларига мақсадли қабулларни кўпайтириш ҳақида реал таклифлар беришимиз керак.
Коронавирус тарқалишининг олдини олишга оид дастлабки чекловлар таълим муассасаларида замонавий талаблар асосида иш юритиш долзарб вазифага айланганини кўрсатди. Халқ таълими вазирлиги карантин кунларидаги қийинчиликларга қарамай таълим-тарбия жараёни тўхтаб қолмаслиги учун телеканаллар, ижтимоий тармоқлар орқали видео ва онлайн дарсларни ташкил қилиш бўйича улкан ишларниамалга оширганини алоҳида этишимиз керак. Миллионлаб ўқувчилар, уларнинг ота-оналари бу ишлардан мамнун.
Шу билан бирга, синовли кунлар таълим тизимида ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, масофавий таълимга оид илғор кўникмаларни жорий этиш, педагогларнинг касбий малакасини белгилашда бу жиҳатларга алоҳида эътибор бериш кун тартибидаги ўта муҳим масала эканини яққол билинди.
Ахборотларнинг глобаллашуви ва маълумот олиш имкониятининг юқорилигини инобатга олсак, ўқитувчиларда ахборот билан ишлаш компетенсияси, яъни малакасини шакллантириш лозим. Фан ва технологияга доир янгиликлардан ҳар куни хабардор бўлмаган ўқитувчи таълим олувчиларнинг қизиқиши ва эҳтиёжларини қондира олиши мумкинми? Албатта, йўқ. Шунингдек, педагоглар ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш ва масофавий таълим сир-асрорларини чуқур ўрганишни касбий мажбурият деб қабул қилиши зарур. Чунки бугунги ўқувчилар билимларни ахборот технологиялари, хусусан, компьютер, смартфон ва бошқа гаджетлар воситасида тезроқ ўзлаштирмоқда. Болаларнинг руҳиятига кириш учун бу борадаги педагогик кўникмаларни чуқур эгаллаш долзарб вазифага айланди.
Инновацион таълим ҳақида кўп гапиряпмиз. Ўқитувчиларимиз бундай малакага эгами? Ўз фанига доир янгиликларни ўқув жараёнида қўллаган, улардан самарали фойдаланган, янгилик яратишга лаёқатли ўқитувчигина инновацияли малакага эга бўлади. Бунинг учун малака ошириш курсларида уч йилда бир ой ўқишинг ўзи етарли эмас, албатта. Инновацияли малака мустақил ўқиб-ўрганишни, уз устида тинимсиз ишлашни талаб этади. Таълим тизимида ана шу йўналишлар бўйича ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилиши ҳаётий эҳтиёж ва заруратга айланган.
Жаҳондаги коронавирус пандемияси даврида тарихий, ижтимоий-маънавий қадриятлар инсон ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим экани яққол билинди. Гарчи карантин чекловлари одамларни бир-биридан масофа сақлашга мажбур қилган бўлса-да, халқимизни руҳан яқинлаштирди, дейиш учун асослар етарли. Илғор тараққиёт бизни кўпроқ моддиятга тобе’ қилгани, аксарият одамлар руҳан яккаланиб қолганини синовли кунларда англаб етяпмиз. Карантин бу ҳақда кенгроқ ўйлашга, оила аъзолари ўртасида ришталарни мустаҳкамлашга, ўзаро меҳр кўрсатишга имконият яратганини ҳам таъкидлашимиз керак.
Вирус нафақат инсон саломатлигига, жаҳон иқтисодиётига, таъбир жоиз бўлса, тақдир ва келажакка ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ҳаётнинг барча соҳалари, бутун инсоният қаттиқ синовларга дуч келмоқда. Иқтисодий-молиявий зарарларнинг оқибати вақти келиб албатта бартараф этилади, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш қайта жонланади, янги иш ўринлари ҳам очилади. Ҳаммамиз бу йўқотишли синовлардан сабоқ чиқариб, хатоларимизни тузатиб, аввалгидан маънан, руҳан кучлироқ бўлиб ўтамиз.
Шуниси аниқки, коронавирус пандемиясидан кейин дунё ўзгаради, ижтимоий муносабатлар ўзгаради. Бу дунё фалокатдан аввалги дунё бўлмайди. Биз синовли кунларда сабрли бўлишимиз, энг зарури, сабоқ чиқаришимиз, яқинларимизга яқинроқ бўлишимиз керак. Қалб қуввати ва бирдамлигимизни асрасак, бошқа ҳар қандай йўқотишларнинг ўрнини тўлдира оламиз.
Улуғбек Иноятов,
ЎзХДП Марказий кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.