Яқинда ХДПнинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан «Имконияти тенгсиз аёллар» номли форум ўтказилди.
Форумдан асосий мақсад - ногиронлиги бўлсада, касбий ривожланиш орқали ўзини банд қилган ва ютуқларга эришган хотин-қизлар иштирок этди. Уларнинг шахсий, касбий ва ижтимоий имкониятларини кенгайтириш, ҳар томонлама ривожланишига ёрдам бериш, ўқиш, тадбиркорлик, инновация ва етакчилик соҳаларида ўз потенциалини тўлиқ амалга оширишлари учун қўллаб-қувватлаш форумнинг асосий мақсади бўлди. Мазкур тадбирда депутатлар, вилоятдаги бир қатор давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Бу ерда ҳар хил ҳаёт тажрибасига, турли имкониятларга эга бўлган, аммо бир мақсад — илғор жамият қуриш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш орзусида келган аёлларни кўрдим. Форум «Имконияти чексиз аёллар» деб номлангани бежиз эмас. Чунки ҳақиқатда ҳам, бу ердаги ҳар бир аёл — ўзига хос салоҳият ва куч соҳиби.
Шунингдек, ҳаётда кўплаб тўсиқларга қарамай, ўз орзулари сари қатъият билан интилган, турли соҳаларда муваффақият қозонган, жамиятимизда фаол иштирок этаётган ногиронлиги бор аёлларни чин маънода матонат ва жасорат тимсоллари дейиш мумкин.
Уларнинг ирода, сабр ва ҳаётга бўлган муҳаббати — ҳаммамиз учун катта намуна. Улар бизга бир нарсани ёрқин кўрсатди: инсон имконияти танаси билан эмас, қалби, ақли ва юрагидаги орзулари билан чексиз бўларкан.
Ҳар бир аёлнинг ўзига хос йўли ва қиссаси борлигини англашимиз керак. Зотан, турлилик — жамиятимизнинг бойлигидир. Ўтказилган тадбир ана шундай турли имкониятли, аммо бирлашган қалблар байрами бўлди!
Ватанга бўлган меҳру муҳаббати шунчалар юксакки, совғаларида Ватан рамзлари бор зоминлик Севара Мусаеванинг.
Жиззахлик Малика Эгамқулова ўз қўллари билан оёқ кийимларини тўқийди. Унинг маҳсулотлари нафақат қулай ва арзон, балки соғлик учун фойдали, ҳаттоки миллийлик бор уларда!
Улбусин Қўшбоқова, Гулчеҳра Икромова, Гулсара Тўйчиева сингари яна кўплаб қўли гул, ижодкор қалби, фитратида шукри бор аёлларимизнинг ҳар бирлари таҳсинга сазоворлар!
Ўтказилган форум, ишончим комилки, бу аёллар учун янги руҳ ва янги ғояларни бошлаб беради. Қанийди «Иш йўқ, пул йўқ», деб ўтирган «боқимандалар»га ибрат бўлса...
Нодира Алимова,
«Қалб нури» маркази директори.