
Қонун лойиҳасига шарҳ
Парламентда мухолифатни жонлантириш сиёсий плюрализмни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий соғлом рақобатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан парламентдаги мухолифат ва унга кирувчи фракциялар ҳуқуқларини аниқ белгилаш, уларга қонунчилик жараёнида фаол иштирок этиш имконини янада ошириш кўзда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов батафсил сўзлаб берди:
— Давлатимиз раҳбари 2024 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини, бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, ҳар чоракда ҳукумат соати ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилган эди. Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг Ҳаракатлар дастури тасдиқланди ва унда айни масала бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган эди.
Бир гуруҳ депутатлар ташабббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, мухолифат фракцияга битта қўмита раиси ва иккита қўмита раиси ўринбосари лавозимини кафолатли эгаллаш масаласи кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мухолифатга қонун ташаббуси ҳуқуқини таъминлаш, ҳукумат ҳисоботларини сўраш ва муҳокама қилиш, парламент қўмиталарида кенг иштирок этиш каби ҳуқуқлар кафолатланмоқда.
Бундан ташқари, парламент назорати шакли бўлган “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови борасида ҳам мухолифат фракцияга ҳар чоракда камида битта масалани парламент сўрови кўринишида юбориш ва камида битта масалани “Ҳукумат соати”га киритиш ҳуқуқи кўзда тутилмоқда.
Парламентда мухолифатнинг ҳуқуқлари кенгайтирилиши қуйи палатада фикрлар хилма-хиллиги ва соғлом сиёсий рақобат муҳитига хизмат қилади. Натижа эса халқчил қонунлар қабул қилиш ҳамда турли масалаларни парламентга олиб чиқишга асос бўлади. Шунингдек, халқ вакиллари ўртасидаги институционал мувозанатни таъминлаш, давлат бошқарувида масъулият ва шаффофликни кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
Дониёр Якубов,
Анвар Аҳмедов (видео),