Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари якунлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 28-31 май кунлари депутатлар сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Мазкур жараёнда фракция аъзолари 100 дан ортиқ хонадонга ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқотлар олиб боришди.
Учрашувларда Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, партиянинг дастурида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ижросига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, фракция аъзолари партиянинг электорати манфаатидан келиб чиқиб, ҳудудларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун яратилган шароитларни ҳам ўрганишди. Хусусан, Нукус, Андижон шаҳарлари, Пахтакор, Мирзачўл, Денов, Қарши, Касби, Чилонзор, Юнусобод, Олмалиқ, Ангрен, Тошкент туманлари таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, учрашувларда уй-жой, коммунал, бандлик, таълим, пенсия ва нафақа таъминоти, соғлиқни сақлаш, транспорт, йўл қурилишига оид ечимини кутаётган масалалар ҳам ўртага ташланган. Ушбу масалаларнинг ечими эса назоратга олинган.
Йиғилишда сайловчилар билан ишлашни янада яхшилашга қаратилган бир қатор таклифлар берилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.