Ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи лойиҳа

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон–Финляндия педагогика институти ҳамкорлигида “Сиёсатдаги ёшлар” лойиҳаси ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ҳал этилишида ёшларнинг таъсирини ошириш, иқтидорли ва сиёсатга қизиқувчи ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, сиёсий етакчиликка бўлган қизиқишларини рағбатлантириш, шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилди.

 

Тадбирда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда уч босқичли беллашувда ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказишди:

  • Биринчи шарт – Тезкор савол-жавоб бўлиб, унда иштирокчилар давлат бошқаруви ва сиёсий тизимларга оид саволларга жавоб беришди.
  • Иккинчи шарт – Мантиқий таҳлил ва фикрлашга асосланган топшириқ бўлиб, жамоалар танланган саволга жамоавий тарзда жавоб тайёрлаб, уни қисқа муддат ичида асослаб беришди.
  • Учинчи шарт – Мунозара шаклида ўтказилиб, жамоалар турли сиёсий партиялар позициясидан келиб чиқиб, сайловолди дастурлар бўйича фикр билдиришди ва ўз нуқтаи назарларини ҳимоя қилишди.

 

Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш мезонлари асосида қуйидаги жамоаларни ғолиб деб топди:

  • 1-ўрин – “Културкампф” жамоаси,
  • 2-ўрин – “Математиклар” жамоаси,
  • 3-ўрин – “Педагоглар” жамоаси.

 

Ғолиблар ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қолган жамоаларга ҳам партиянинг ташаккурнома ва совғалари топширилди.

Лойиҳа якунида иштирокчилар сиёсий жараёнларга нисбатан янада чуқурроқ тушунчага эга бўлишгани, партиялар фаолияти ва дастурлари юзасидан амалий тажриба орттиришганини таъкидлашди.

Мазкур лойиҳа ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларни фаолликка чорлаш ҳамда иқтидорли ва ташаббускор ёшларни аниқлаб, партия фаолиятига жалб этиш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш