
Куни кеча ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда жорий йилнинг беш ойидаги иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлар қайд этилди. Жумладан, хорижий инвестициялар 46 фоиз ошгани, қиймати 3 миллиард долларлик 2 минг 500 дан зиёд янги қувват ишга тушгани ва 2 миллион 400 минг одам даромадли бўлгани қайд этилди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга бажарилмаган режаларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, биринчи ярим йилликда 2 миллион 600 минг аҳолини банд қилиш режа қилинган. Лекин етарлича маблағ ва шароит яратилган бўлишига қарамасдан бандлик режаси 15 та туманда тўлиқ бажарилмагани айтилди.
Бандликни таъминлаш жуда долзарб масала. Сабаби, камбағаллик даражасида яшаётган фуқароларнинг бандлигини таъминламасдан туриб уларни мураккаб ижтимоий вазиятдан чиқариш деярли имконсиз. Шу сабабдан бандликни таъминлаш масаласи ҳар йилги Давлат дастурларимизда ҳам, узоқ ва яқин истиқболни кўзловчи стратегияларимизда ҳам ўз аксини топади. Буни теран англаган ҳолда Халқ декмократик партиясининг дастурий мақсадларида ҳам бандлик масаласи устувор аҳамият касб этади.
Шунингдек, мажлисда Халқ қабулхоналари тизимига ҳам тўхталиб ўтилиб, улар аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни бошқа ташкилотларига тақсимлаш билан машғул бўлиб қолганига эътибор қаратилди. Бунга мисол тариқасида ўтган йили виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмагани кўрсатиб ўтилди.
Шу ўринда Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш учун уларга вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Бундан кўзланган мақсад бугун туғилган муаммони кейинги кунга қолдирмасдан, мурожаатни бошқа идорага ўтказмасдан шу ернинг ўзида ҳал қилишдир.
Ёдда тутайлик, ҳар бир мурожаат фуқароларимизни қийнаб келаётган аниқ бир масалани англатади. Фуқароларимиз олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг таъсирини ўз ҳаётида янада яхшироқ хис қилиши учун ҳам уларнинг мурожаатлари ўз вақтида ижобий ҳал этилиши керак. Бу ислоҳотларнинг янада изчил ва самарадор бўлишига хизмат қилади.
Бугунги глобаллашган дунёда ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг долзарблиги ошиб бормоқда. Буни одамлар ўз ҳаётига дахлдор бўлган ҳар қандай масалага талабчанлиги ортганида ҳам кўришимиз мумкин. Демак ҳеч бир муаммо ва мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик – бу давр талаби. Шундай экан биз депутатлар ҳам ҳудудлардаги масалаларнинг Парламентда тизимли ҳал этилиши учун маҳаллий кенгашлар билан янада яқиндан ишлашимиз керак бўлади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.