Ҳуқуқий адолат ва давлат органлари фаолияти очиқлигининг муҳим шартидир
Мутахассисларнинг фикрича, меҳнат миграцияси туфайли иш ўринлари ва меҳнат тақчиллиги бор мамлакатга «интилиш» иқтисодий ривожланишнинг муҳим хусусияти ҳисобланади. Иқтисодиётнинг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатадиган молиявий «донор» эса ташқи меҳнат миграцияси ҳисобланади. Ўзбекистон иқтисодиёти йилига ўртача 300 мингга яқин янги иш ўринларини яратмоқда. Қарийб 200 минг фуқаро эса иш излаб, чет элга кетади. Мазкур масаладаги мутахассисларга кўра, буни юқори демографик ўсиш билан изоҳлаш мумкин. Жараённинг ўзи эса «демографик дивиденд» сифатида баҳоланади. Яъни, миграция дегани фуқароларни бир ёққа чиқариб юбориш эмас, миграция — бу ишчи кучи экспортидир.
Эътиборлиси, ушбу тушунча ва амалиёт бутун дунёда мавжуд. Давлатнинг вазифаси эса иқтисодий салоҳиятни оширишга хизмат қилувчи мазкур жараённи сифатли тартибга солишдан иборат.
Масалан, мамлакатдан чиқиб кетаётган фуқаронинг муайян билим-кўникмаларни эгаллаши ва тил ўрганишини таъминлаш талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда миграция масалаларига оид нормалар янгиланиб, такомиллаштириб борилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий ҳафтадаги мажлисида «Миграция жараёнларини бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Аввалроқ айни масала Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида муҳокама қилинган эди.
Депутат Сайёра Имомова лойиҳа ҳақида фикрларини билдирар экан, мигрант бўлиш осон эмаслигини таъкидлади. Ва бу синовдан ўтиш учун катта сабр ва матонат кераклигига урғу берди. Шунинг учун миграцияга оид муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув талаб этилади.
Айтиш керакки, партия ўз Сайловолди дастурида меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича қатор масалаларни илгари сурган. фракция аъзолари ушбу жиҳатни инобатга олган ҳолда ўз таклифларини билдирди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш берувчидан ёки буюртмачидан ундириш тартиби бекор қилинмоқда. Қолаверса, сарҳадларимиздан ташқарида иш қидираётган шахслардан республикамиздан ташқаридаги ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ ундириш бўйича тақиқ олиб ташланмоқда. Миграция агентлигига хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий таъсир чораларини қўллаш ваколати бериляпти.
Депутатларга кўра, бу айни муддао. Чунки жойларга чиққанда сайловчилар ушбу масалага оид қатор саволлар билан ҳамда ёрдам сўраб, мурожаат қилган.
Қолаверса, хусусий бандлик агентликларига хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини кафолатлаш, миграция соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирган ҳолда хусусий секторни янада кенгроқ жалб қилиш ҳамда хизматларни рақамлаштириш жараёнларини тартибга солади. Ана шунга асосланиб, лойиҳа маъқулланди.
Бир ой келмаган жарима тўланмаслиги мумкин
Сир эмаски, йўллар тартибни ёқтиради. Бу эса унда ҳаракатланувчилар зиммасига қатор мажбуриятлар юклайди. Акс ҳолда, турли ачинарли ҳодисалар келиб чиқиши муқаррар. Қонунчилик палатасининг мажлиси ҳамда партия фракцияларида муҳокама қилинган яна бир қонун лойиҳаси ушбу тизимга оид ўзгариш хусусида бўлди. Яъни, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда хавфсизликни назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни сифат босқичига чиқариш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, шунингдек, йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Бироқ бу ҳаммаси изига тушиб, муаммоларга барҳам берилди, дегани эмас. замон инсоният олдига янги имкониятларни қўяр экан, уларга мос равишда мажбуриятларга ҳам ишора қилади. Шу маънода халқаро тажриба ўрганилиб, умумэътироф этилган меъёрларга амал қилиш муҳим саналади.
Қонун ташаббускорларига кўра, айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари «оғзаки огоҳлантириш» ва «огоҳлантириш» жазоси мавжуд. Бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларни бермоқда.
Шунинг учун таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «маъмурий огоҳлантириш» жазо чорасини киритиш назарда тутилган. Яъни, ижтимоий хавфлиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда. Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6-моддасида акс этган қоидалар, яъни камар тақмаслик, техник кўрикдан ўтказилмагани, тегишли анжомлар билан жиҳозланмагани, телефон, монитордан фойдаланиш, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик, мажбурий суғурта қилинмагани, пиёдалар ва бошқалар томонидан биринчи марта қоидабузарлик содир этилганда, жарима эмас, маъмурий огоҳлантириш чораси қўлланилади. Бу чора бир йилда бир марта амал қилади.
Муҳим янгиликлардан яна бири, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун фото ва видео орқали расмийлаштирилган жарималар бир ойдан кеч юборилса, улар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига янги норма киритилмоқда. Хусусан, йўл ҳаракати қоидалари бузилгани махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Қолаверса, йўлнинг узуксиз чизиғини босиш каби айрим ҳолатлар фото-видео мосламалар орқали қайд этилмаслиги кутилмоқда.
Лойиҳа автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, соҳада фуқароларни қийнаб келаётган айрим муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар қанчалар ҳаётий бўлмасин, модда ва меъёрлар бир-бирини инкор қилмаслиги зарур. Шу маънода депутатлар айрим саволлар билан мурожаат қилди.
Жумладан, тегишли кодекснинг бошқа бир моддасида судлар томонидан қоидабузарлик учун жазони енгиллаштириш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, уларда «маъмурий огоҳлантириш» жавобгарлиги қўлланилиши мумкинми, деган савол йўлланди. Шунингдек, бир марта қўлланиладиган тақиқ 33-моддага зид бўлиб қолмайдими, деб сўрашди депутатлар.
Қайд этилишича, огоҳлантиришга оид жазо турли ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси мақсадида киритилмоқда. Шу тариқа келгусида бошқа қоидабузарликларнинг олдини олиш учун ҳуқуқбузар огоҳлантирилади. Суд қарори билан жазони енгаллаштиришга оид модда ва унга алоқадор нормалар сақланиб қолади.
Узоқ давом этган муҳокамада яна кўплаб саволлар берилди. Иккинчи ўқишгача ўзгартирилиши керак бўлган жиҳатларга аниқлик киритилди. Қуйи палата аъзолари фикрича, қонун қабул қилинса, фуқаролар жарималар ҳақида ўз вақтида хабардор бўлади. Кеч юборилган қарорлар эса бекор қилиниши мумкин. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида лойиҳа концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Фракция эътироз билдирди
Фракция йиғилишларида қизғин муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тафовут ҳамда зиддиятларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси палата мажлисида кўриб чиқилди.
Ташаббускорларга кўра, мазкур қонуннинг зарурати бир қанча масалаларни қамраб олган. Аввало, янги таҳрирдаги Конституция ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси билан миллий қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилган. Ушбу ҳужжатларда қонун ижодкорлиги жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш белгиланган.
Шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятида ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш вазифаси юклатилган. Бу эса айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирмоқда.
Фракция йиғилишида узоқ давом этган муҳокамаларда кўплаб масалаларга ойдинлик киритиш кераклиги таъкидланган бўлиб, депутатлар бу борада ўз таклифларини билдирган эди. Палата мажлисида эса партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракциянинг эътирозларини баён қилди.
Таъкидландики, аввало, қонун лойиҳасининг номи унинг концепцияси ва мазмунига мос келмайди. Яъни, лойиҳа 12 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш билан чекланмайди. Шунингдек, тизимли ёндашув йўлга қўйилмаган ва соҳалар бўйича пала-партиш таҳлил қилинган. Биринчидан, лойиҳада тармоқлар ва соҳалар сақланиб қолмаган. Масалан, иқтисодий қонунчиликка, суд-ҳуқуқ тизимига, саноат, ижтимоий соҳадаги бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган ва қонун номига кўра зиддиятлар эмас, мувофиқликка урғу берилган.
Фракция раҳбарига кўра, бу қонун ижодкорлиги нуқтаи назаридан лойиҳани сифатли муҳокама қилишда ноқулайликларни юзага келтиряпти. Зеро, лойиҳа йўналишидан келиб чиқиб, бир қўмитага тааллуқли бўлмай, аралашиб кетган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг муқаддимасига эътибор бериладиган бўлса, у ерда мақсад-вазифалар тўлиқ акс эттирилмаган. Қонун лойиҳаси тафовутларнинг олдини олишга қаратилган, бироқ инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ конституцион нормаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш назарда тутилмаган.
Партия фракцияси мана шуларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа матнини таҳрир қилиб, кейин қайта киритиш керак, деган фикрни билдирди.
Фракция аъзолари бошқа йўналишлардаги қонунларда тафовутлар борлигини, уларни ҳам тезроқ бартараф этиш лозимлигини таъкидлади. Зеро, депутатлар бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдириб, ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ЎзХДП ижтимоий тенглик, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий адолат ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигига хизмат қилувчи қонунларни қўллаб-қувватлашни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Йиғилиш якунида фракция аъзолари келгусида ҳам халқ манфаатларини ифода этувчи, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этишини маълум қилди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 18.6.2025, №24