Халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгашининг ижтимоий масалалар, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт йўналишидаги доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туманда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва спортни ривожлантириш борасида 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Г. Нуримбетова тумандаги эпидемиологик вазият, касалликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирлар самарадорлиги бўйича ахборот берди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикрлар алмашилди.
Спорт мактаби директор ўринбосари М. Турдимуратов эса туманда спортни оммалаштириш, ёшларни спортга жалб этиш ва зарур инфратузилмани яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Йиғилиш давомида депутатлар ва комиссия аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Мазкур комиссия йиғилиши ижтимоий соҳадаги долзарб масалаларнинг жойида муҳокама қилиниши ва уларни ҳал этишда парламент назоратининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади.