ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини нима сабабдан қўллаб-қувватламади?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида қатор қонун лойиҳалари, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва амалий натижадорлиги юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилиш давомида «Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, фракция аъзолари ўз мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳада ҳудудий ёки соҳавий миқёсда янги қонунчилик нормаларини тажриба тариқасида жорий қилиш кўзда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашув қонунларнинг ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Навбатдаги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачи ва иккиламчи ижарачилар учун жарима жорий этилишини ҳам назарда тутмоқда.

Хусусан, дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачи ва иккиламчи ижарачилар томонидан дала четларида, шунингдек, дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари (ирригация-мелиорация тармоқлари минтақа зонасидаги ерлар бундан мустасно) атрофидаги майдонларда мақбул экинлар экиш ҳамда йил давомида маҳсулот етиштириш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таклиф этилган.

Фракция аъзоси Анвархон Темиров қонун лойиҳасидаги айрим нормалар қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, фермерлар, айниқса, ижарачилар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга хизмат қилмаслигини таъкидлаб, лойиҳа Халқ демократик партияси электорати манфаатларига мос келмаслиги ҳақида позиция билдирди.

Яна бир депутатимиз Қизилгул Қосимова лойиҳада назарда тутилган жарима қўллаш амалиётига қарши чиқиб, агентлик жарима қўллашга интилиш орқали қўлига калтак олаётганини, аммо мақсад жазолаш эмас, ердан унумли фойдаланиш бўлиши зарурлигини таъкидлади. Дала четларидан фойдаланувчилар, ижарачиларни жарима қўллаш билан ҳафсаласини пир қилиш эмас, одамларни меҳнатга, натижага рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ҳақида ўйлашни таклиф қилди.

Муҳокама савол-жавоблар билан узоқ давом этди. Якуний овоз бериш натижалари фракция аъзолари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватламаганини кўрсатди.

Мажлисда кўриб чиқилган бошқа қонун лойиҳалари бўйича ҳам фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш