Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 8 та қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасидан ўтди.
Кун тартибига мувофиқ, «Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилганда ҳам депутатларимиз жарималарнинг миқдори оширилишига қарши чиқиб, уларни ўзгаришсиз қолдиришга чақирган эди. Лекин иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бу таклиф инобатга олинмаган. Депутат Қизилгул Қосимова жарималар миқдори оширилишига қарши чиқди. Яъни, амалдаги қонунга кўра, фуқароларга умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик ёки электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан, ўн беш бараваригача жарима қўллаш мумкин бўлса, янги лойиҳа билан бу миқдор ўн беш бараваридан йигирма бараваригача оширилиши кутилмоқда.
Баҳс-мунозаралардан сўнг лойиҳа нисбатан кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳада пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун санкция оширилмоқда. Депутатимиз Анвархон Темиров фойдаланиш учун санкция кескин оширилишига эътироз билдирди. Унинг фикрича, олиб кириш ва ишлаб чиқариш ҳажми қисқарса, ўз-ўзидан фойдаланиш ҳам камаяди. Қолаверса, қонун ижодкорлари пиротехника буюмларининг олиб кирилиши ва ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ рақамларни тақдим қилмаганини ҳам айтиб, жарималар фақат фойдаланувчилар учун оширилиши масалага бир томонлама ёндашиш эканини таъкидлади.
Мазкур лойиҳа ҳам нисбатан кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Мажлисда бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.