Фуқароларнинг ҳаёт хавфсизлигига бефарқ қараб бўлмайди
Фуқароларнинг ҳаёт хавфсизлигига бефарқ қараб бўлмайди

 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Фаробий кўчасида иссиқ сув қувури ёрилиб кетиши оқибатида нохуш ҳодиса рўй бергани ҳақидаги видеоли хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимига жавобгар бўлган Veolia Energy Tashkent компанияси изоҳига кўра, иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган жадвалга мувофиқ Олмазор туманидаги Фаробий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида жойлашган иссиқлик тармоғи участкасида механик мустаҳкамлик синовлари ўтказилаётган пайтда қувурда ёрилиш юз берган. Шунингдек, хабарда жабрланганлар йўқлиги, фуқаролар, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар қопланиши айтилган.

Жамоат хавфсизлиги, фуқаролар ҳаёти ва мол-мулки дахлсизлигига беписандларча берилган компания изоҳи жиддий хавотир ва қатъий саволларни ўртага чиқарди.

Изоҳдан келиб чиқадики, компания истаган вақтда истаган ҳудудда фуқаролар хавфсизлигини ҳимоялаш чораларини кўрмасдан синов ўтказиши мумкинми?

Масъулиятсизларча ўтказиладиган бундай синовлар инсон ўлимига олиб келиши мумкинлиги, бугунги ҳодисада бахтли тасодиф туфайлигина ҳеч бир фуқарога жиддий зиён етмаганини тушуниш қийин бўлмаса керак.

Агар компания қувурларнинг мустаҳкамлигини текширувчи синовлар ўтказаётган бўлса, қувурнинг ёрилиб кетиши эҳтимолини ҳам албатта ўрганиб чиққан бўлиши керак. Унда нега компания фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдид соладиган синовлар ўтказаётганда бу ҳақда маҳаллий жамоатчиликни, Фавқулодда вазиятлар вазирлигини огоҳлантирмаган?

Оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган синовлар хўжасизларча ўтказилмаслиги шарт. Синов ўтказишнинг тартиб ва меъёрларига қатъий амал қилиниши, бундай тартиблар йўқ бўлса, зудлик билан ишлаб чиқилиши зарур.

Шу нуқтаи назардан рўй берган кўнгилсиз ҳодиса бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ўз муносабатини, ҳуқуқий хулосасини бериши керак, деб ҳисоблаймиз.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олгани ва уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берди. Бу ҳодисадан зиён кўрган ҳар бир фуқарога қонунчилик мувофиқ тартибда ёрдам кўрсатилиши, зарарлар ўрни қоплаб берилиши зарурлигини билдирамиз.

Бундай кўнгилсиз ва кутилмаган ҳодисалар кенг жамоатчиликда хавотир уйғотади, ижтимоий кайфиятга салбий таъсир кўрсатиб, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан ишончсизлик кайфиятига олиб келиши мумкин.

Мутасадди вазирлик-идоралардан вазиятни назоратга олишини сўраб қоламиз.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш