Ҳамжиҳатлик ва барқарорлик рамзи
Ҳамжиҳатлик ва барқарорлик рамзи

 

30 июль – Халқлар дўстлиги куни

Ўзбекистон азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан ном қозонган бетакрор Ватан. 130 дан ортиқ миллат ва элатлар бир оила фарзандидек ҳамжиҳат яшаётган муқаддас замин. Ўзаро ҳурмат асосига қурилган мустаҳкам ришталар. Тинчлик, миллатлараро тотувлик, бирдамлик, меҳр-мурувват каби олий қадриятларга садоқат кўрсатиб келаётган қарийб 38 миллион халқ. Буларнинг барчаси ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Тил, маданият, анъана, урф-одатлар, либослар бир-биридан фарқ қилса-да, Ватан ягона ва мақсадлар муштарак. 16 та диний конфессия, 157 та миллий-маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ўз фаолиятини самарали давом эттирмоқда.

Асосийси, уларнинг барчаси мамлакат тараққиёти, эртанги авлод истиқболи учун бел боғлаган. Таълим-тарбия, замонавий касб-ҳунарларга иштиёқ, илмий изланишлар, спорт, санъат, иқтисод, сиёсат, маданият, умуман, барча соҳаларда юксак марраларни эгалламоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилади. Қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган ўқувчилар давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Ҳудудларда фаолият юритаётган «Дўстлик уйлари» турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўринга эга. Давлат сиёсатидаги устуворликлардан бири эса кўпмиллатли халқимиз – мамлакатнинг энг катта бойлиги, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик – барча ютуқ ҳамда марраларнинг мустаҳкам асоси эканидир.

Айтиш ўринлики, Ўзбекистонда сўнгги йилларда эришилган катта ютуқ ва натижалар, ўзгариш ва янгиланишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Юртимиз тараққиёти учун амалга оширилаётган, эътирофларга сазовор бўлаётган ана шундай эзгу ишларда ҳар бир ватандошимизнинг ҳиссаси бор.

Яна бир муҳим жиҳат. Турли миллатларни бирлаштирувчи омиллардан бири умумий байрамлар, тантаналарнинг биргаликда нишонланишидир. Ана шулардан бири БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан эълон қилинган Халқаро дўстлик куни ҳисобланади ва у тўрт йилдирки, Ўзбекистонда кенг нишонланиб келинмоқда.

 

Толерантлик ғояси – мустаҳкам тараққиёт асоси

Ирина ТОКАРЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳозирги замонавий жамиятда толерантлик ғояси миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик негизида қурилади. Шунингдек, инсоният, халқлар ва миллатларнинг ижтимоий-фалсафий меросига таянувчи мустаҳкам пойдевор сифатида намоён бўлади. «Толерантлик тамойиллари декларацияси»да шундай таъкидланган: «Толерантликсиз тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлиши мумкин эмас». Демак, ижтимоий-сиёсий барқарорлик – миллатлараро толерантликнинг асосидир.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошланган ислоҳотларнинг энг устувор вазифаларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва толерантлик муҳитини янада мустаҳкамлашдир. Мамлакатимизда 30 июль – «Халқлар дўстлиги куни» сифатида кенг нишонланиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Жамиятимизда шаклланган толерантлик муҳити халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Тарих шуни кўрсатадики, фақат яратувчанлик, ўзаро тушуниш ва умумий манфаатлар йўлида биргаликда меҳнат қилиш инсонни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиши мумкин. Шу жиҳатдан қаралганда, ғоявий жараёнлар аҳамияти ортиб бормоқда. Чунки замонавий дунёдаги энг муҳим вазифа – инновацион илмий-тадқиқотлар ва ютуқлар орқали юксак марраларга эришар эканмиз, бу жараёнда руҳий-маънавий қадриятларни йўқотмасликдир.

Айни шу маънода инсонларни миллати, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа жиҳатларидан қатъий назар бирлаштирадиган Халқлар дўстлиги кунининг миссияси алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур сананинг маъноси жамиятимизда мавжуд дўстлик ва бирдамлик муҳити – тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишнинг асосий омили ҳисобланиши билан тавсифланади.

Бу йўналишдаги ишларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тузилган 65 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Улар Ўзбекистон билан дўстлик ришталари боғлаган мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий Мажлис депутатлари таркибида мамлакатимизда яшовчи турли миллат вакиллари фаолият юритмоқда.

Таъкидлаш керакки, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» тамойили асосида миллатлараро тотувлик ва дўстликни сақлаш – мустақиллик йилларида кўп миллатли халқимиз қўлга киритган энг қимматли ютуқлардан бири. Жамиятдаги тинчлик ва тотувлик – мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида, иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ютуқларини таъминловчи асосий омил ва мустаҳкам пойдевордир.

Шу билан бирга, Халқлар дўстлиги куни нафақат байрам, балки мамлакатнинг маданий мероси хилма-хиллигини намоён қилиш имконияти ҳамдир. Ушбу кунда халқ ҳунармандчилиги кўргазмалари, миллий бадиий жамоалар концертлари, миллий ҳунармандчилик ва ошпазлик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади.

Байрам муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб тантаналар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилади. Кенг кўламдаги кўргазмалар ва театр томошалари бўлиб ўтади. Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги маданият ва дам олиш боғларида, майдонларда турли миллат вакиллари, маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаоллари иштирокида «Халқлар дўстлиги» фестиваллари ўтказилмоқда. Демак, мамлакатимиздаги кўпмиллатли халқимиз янада жипслашмоқда, янги ришталар, истиқболли режалар туғиляпти.

 

Кўпмиллатли, бағрикенг, меҳмондўст замин

Иба НАРИЗОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Конституциямиз талабларига мувофиқ, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатлик изчил таъминланмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ирқи, жинси, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қарамасдан, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ҳимоя қилинади.

Шунингдек, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини жамиятда қарор топтириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги ислоҳотларнинг ҳам устувор мақсади сифатида белгиланган. Бу ислоҳотлар инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгандир.

Бунга Навоий вилояти мисолида назар солсак. Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида турли миллат вакиллари тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб давлат бошқаруви органлари ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Хусусан, Конимех туманида ҳам қозоқ, ўзбек, қорақалпоқ, татар, корейс миллатига мансуб фуқаролар аҳилликда яшайди. Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳити ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида қозоқ, қорақалпоқ миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Турли миллат вакилларининг урф-одатлари ҳамда анъаналари ўзига хослигини сақлаш, келажак авлодга мерос қилиб қолдириш ва ривожлантириш мақсадида корхона-ташкилот ҳамда муассасаларда миллий тадбирлар ўтказилиб борилади.

Қолаверса, бой тарихий меросимиз, маданиятимиз ва санъатимиз хорижлик сармоядорлар ҳамда сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Олис чўл ҳудудида очилган сайёҳлик турлари меҳмонларга хизмат қиляпти. Бу вазиятда кўпмиллатли фуқароларнинг тафаккури, турмуш тарзи ва феъл-атворидаги бағрикенглик тамойиллари шубҳасиз муҳим ўрин тутади.

Туман иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция ҳажмини ошириш мақсадида қўшни давлатлар билан иқтисодий, сиёсий, дипломатик алоқалар ўрнатилган. Қозоғистон Республикасида ўтказилган қозоқ миллий чолғу асбоби бўлган «Дўмбира» беллашувида туман ёшлари иштирок этиб, икки мамлакат дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Қатор миллий анъаналар ва спорт ўйинлари авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда.

Яна бир гап. Бу ришталарни қариндошлик муносабатлари билан боғлаб, янада мустаҳкамлаш яхши анъанага айланган. Турли миллат вакиллари ўртасида тузилган никоҳ нафақат бахтли оила қўрғони, балки жамиятда мустаҳкам тиргак, тинчликни таъминловчи восита сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир ҳафта давомида юртимизда ўтказилаётган маданий-маърифий ва оммавий тадбирлар — ҳалигача ҳеч бир давлат томонидан илгари сурилмаган ташаббусдир. Бундай эзгу ғояни амалга ошириш бутун инсоният учун миллатлараро тотувликнинг қайта баҳоланишига, турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаётини сақлаш зарурлигини янада чуқур англашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва ижобий имижини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади. Шундан келиб чиқиб, таъкидлаш жоизки, энг катта бойлик, энг юксак қадрият – жамиятимиздаги миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир.

 

Фарзандларимиз ўз она тилида таълим олмоқда

Серикбай УСЕНОВ,

Республика қозоқ миллий-маданий маркази раҳбари:

— Марказимиз 1992 йилда ташкил этилган ва 33 йилдан буён миллатимиз маданияти, ўзагини авлодларга етказишда бош-қош бўлиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда 813 мингдан зиёд қозоқ миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилади. 361 та қозоқ тилидаги мактаб, 7 та вилоятдаги олий таълим даргоҳларида қозоқ тили ва адабиёти кафедралари ҳамда факультетлари фарзандларимизнинг билим олиши учун фаолият кўрсатмоқда. Тил йўқолса, миллат йўқолади, деган гап бор. Ўғил-қизларимиз ўз она тилида 11 синфни битириб, олийгоҳларда ҳам ўз она тилида имтиҳон топшириб, таълимнинг кейинги босқичини давом эттирмоқда. Табиийки, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар учун яратилган шароитлардан миллатдошларимиз ҳам тўлақонли фойдаланиб келмоқда.

Иккинчи бир жиҳати, турли адабиётлар ўзбек тилидан қозоқ тилига ва аксинча, қозоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, мактабларга бериляпти. Яъни, жамоат фондлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси каби бир қатор ташкилотларнинг кўмаги билан 44 мингдан ортиқ нусхада китоб чоп этилди ва таълим муассасаларига топширилди.

Юқорида айтиб ўтганларим марказимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бир йўналиши, холос. Нега бу масалага урғу берганимга келсак, чунки таълимдан бошқа нажот йўқ. Билимли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, йигит-қизлар онгига миллий қадрият ва анъаналар, яшаб турган мамлакати ҳамда ундаги ислоҳотлар ҳақида ўз она тилида сингдириб бориш энг тўғри йўл, деб биламан. Сабаби, бу дўстликни мустаҳкамлашга, тенглик ва адолатнинг таъминланишига, алалоқибат, осойишталикнинг бардавомлигига хизмат қилувчи муҳим қадам саналади. Зеро, фақатгина тинчлик ҳукм сурган жойда ривожланиш бўлади, жамият тараққиётга юз тутади. Биз эса бу борада елкадош, ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиш орқали муносиб жавоб қайтаришга бор кучимизни сафарбар этамиз.

 

Дўстликда чегара бўлмайди

Мобил МАГАМЕДОВ,

Республика озарбайжон миллий-маданий маркази раҳбари:

— Халқлар дўстлиги куни мана 4 йилдирки, нишонланиб келинади. Қувонарлиси, ушбу санага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир дастур йил сайин янгиланиб, қамрови ортиб бормоқда. Озарбайжон миллий-маданий марказимизнинг яна 5 та ҳудудда филиали мавжудлиги эса бизга кўрсатилаётган эътибор ифодаси, деб биламан.

Турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Дўстлик уйларида эса ҳар бир миллат учун алоҳида жойлар ажратилган бўлиб, унда маданият марказлари ўз анъаналарига мувофиқ кўргазмалар ташкил қилмоқда. Ёшлар ўз она тилида иқтидорларини, салоҳиятини намойиш қилмоқда. Қўл меҳнати билан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари ҳам миллийлигимиз тимсоли сифатида иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Умуман олганда, ушбу байрамни ҳар бир миллат вакили қаторида озарбайжонлар ҳам ҳаяжон ва интиқлик билан қарши олади. Эътиборлиси, Халқлар дўстлиги байрамининг давлатимиз мустақиллиги куни олдидан нишонланишида ҳам катта рамзий маъно мужассам.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда яшайдиган барча миллат ёшлари ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланишида жуда муҳим. Бизнинг маданий марказ эса ушбу масалага алоҳида урғу беради. Давлатимиз томонидан миллий-маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг қўллаб-қувватланиши хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш ҳамда жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ютуқларни тарғиб этишнинг энг самарали усулларидан саналади.

Сўнгги йилларда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар мазмуни ва сифати сезиларли даражада яхшиланди. Бугун мамлакатимизда нафақат бошқа миллат вакилларининг муносиб шароитларда яшаши, балки уларнинг тили, адабиёти ва анъаналарини ривожлантиришга ҳам кенг имкониятлар берилмоқда. Муҳими, буларнинг барчаси қонун билан кафолатланган.

Биласизми, дўстлик ва биродарлик шундай тушунчаки, йўллар ва йиллар унга таъсир ўтказа олмайди, масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. Халқлар дўстлиги куни ва у билан боғлиқ тадбирлар эса ушбу ришталарнинг янада жипслашиши, мустаҳкамланиши йўлида муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали олий маънавий фазилатлар, ўзаро ҳурмат, меҳр, эътибор, қадр-қиммат ва бағрикенглик янада жонланади. Мазкур омиллар Ўзбекистон тараққиёти ва фаровонлиги пойдевори саналади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 30.7.2025, №30

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш