Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи таҳлилий муҳокама қилинди.
Ҳисоботни иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова тақдим этди. Қайд этилишича, 2025 йилда Давлат бюджетининг даромадлари 359,8 трлн. сўмни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 31 фоизга ортган.
Давлат бюджетининг харажатлари эса 383,9 трлн сўмга етиб, шундан 47 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилган.
Йиғилишда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси илк бор 81,2 млрд долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсгани, бу эса инсон капиталини ривожлантириш ва бюджет барқарорлигида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Фракция аъзолари биринчи навбатда Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди дастури ва электорати манфаатлари йўлида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратишди. Ҳукумат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Жумладан, ҳисобот даврида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 662 нафар болалар уй-жой билан таъминлангани, 674 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга 4 трлн. сўмдан ортиқ нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаб берилгани қайд этилди.
Қизғин муҳокамалар остида ўтган йиғилишда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташланди.
Хусусан, депутатимиз О.Иминов нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида инфляция даражаси 7,3 фоизга камайган бўлсада, нега 2025 йилда фуқароларимизнинг кундалик истеъмоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси ортганлигига изоҳ сўради.
Шунингдек, фракциямиз аъзоси С.Имомова тўғридан-тўғри жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажми 19,1 млрд долларга етиб, қарийб 1,6 баробарга ошганига қарамай, нега импорт ҳажми йилдан-йилга ўсиб бораётгани бўйича таҳлилий маълумотлар сўради.
Шу билан бирга, депутатлар хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни мақсадли тарзда касбга ўқитиш ҳамда меҳнат ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Мутасаддилар саволларга умумий мазмунда жавоб бериб, кўтарилган мавзулар бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилишини билдиришди.
Йиғилишда депутатлар ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишига нисбатан масъулиятни, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш бўйича сиёсий муносабат билдирди. Салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиб, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Якунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Ҳукумат ҳисоботи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида муҳокама қилинишини қўллаб-қувватлашди.