Ёшлардан муҳим ижтимоий ташаббуслар

 

Бухоро вилоят кенгаши томонидан Бухоро туман Ёшлар марказида "Ижтимоий ташаббуслар куни" аксияси ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар ўз лойиҳалари, ижтимоий ташаббуслари ва янгича ғоялари билан қатнашиб, масъулларда катта қизиқиш уйғотди.

Жумладан, ташаббускор ёшларимиздан Жахонгир Назаров бугунги кунда дунё бўйича энг долзарб экологик муаммолардан бири ҳисобланаётган пластик ифлосланишини камайтиришга қаратилган ташаббуси билан таништирди.

Ушбу глобал муаммони камайтириш мақсадида лойиҳада хазон баргларидан қоғоз олиш орқали экологик тоза қоғоз пакетлар ишлаб чиқариш таклиф этилмоқда. Бунда куз фаслида йиғиладиган хазон барглари махсус технология асосида қайта ишланиб ундан экологик тоза қоғоз олинади. Кейин олинган қоғоздан кундалик савдо ва маиший фойдаланиш учун қоғоз пакетчалар ишлаб чиқилади. Бундай пакетчалар табиий парчаланади, қайта ишлашни талаб қилмайди ва албатта табиий ресурслар(дарахт)ни тежашга хизмат қилади.

Яна ёшлар фаолимиз Мирзоҳид Нарзуллаев шифокор беморга ёзадиган рецептни ҚР код тизими орқали амалга ошириш ташаббусни таклиф қилди.

Бунда ҳар бир шифокор бемор учун электрон рецепт тузади ва у ҚР код кўринишида беморнинг электрон тиббий картасига бириктирилади. Бемор дорихонада ҚР кодни сканер қилиш орқали дорихоначи ҳам қайси дорини беришини, унинг дозаси ва қўлланиш тартибини ҳам аниқлайди.

Мазкур тизим қўлда ёзиладиган рецептлардаги хатоликларга барҳам беради. Яъни дорихоначи ҚР код сканерлаш орқали қайси дорини бериши кераклиги ҳақида аниқ маълумот олади. Шу билан бирга беморлар дори воситаларини тўғри қабул қилиши учун кўрсатмалар олади, бу эса даволаниш сифатини оширади.

Бугун жамиятимизда дунёқараши кенг, билимли ёшлар етарлича. Уларнинг ташаббусларини доимий тинглашимиз, қўллаб-қувватлашимиз лозим. Айнан ёшларнинг ташаббуслари жамиятимизга янгилик, енгиллик олиб киради.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш