Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025-йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Депутатлар таъкидлаганидек, Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Шу билан бирга, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва уни амалга ошириш механизмлари алоҳида муҳокама қилинди.
Маълумки, қарорга кўра, келгуси йилдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили «Ташаббусли бюджет» жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлаш имкониятига эга бўлади. Депутатлар томонидан танланган лойиҳалар «Очиқ бюджет» ахборот порталида автоматик равишда ғолиб деб топилади ва ушбу лойиҳалар республика бюджетидан молиялаштирилади.
Йиғилишда депутатлар жорий этилаётган янги амалиёт сайловчилар ва депутатлар ўртасида амалий мулоқотнинг янада натижали бўлишига хизмат қилишини таъкидлашди. Партия дастури ва электорат манфаатларига қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда депутатлар бевосита фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлаётгани ҳам қайд этилди.