
Бухоро вилояти Бухоро туманида қурилишда ишлаётган 5 нафар кишининг эҳтиётсизлик оқибатидаги фожиали вафоти ҳақидаги хабар, ўйлайманки, нафақат мени, балки кўпчиликни чуқур ранжитди.
Вафот этганларни яқинларига ҳамдардлик билдираман.
Хабарларга кўра, хусусий қурилиш корхонаси ишчилари рухсат олмасдан, канализация қопқоғини очган ва қувурга тушган. Кучли оқим оқибатида қувур ичига оқиб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аянчли, фожиали воқеа мамлакатимизда тобора долзарб бўлиб бораётган бир масалани яна кун тартибига чиқарди. Бу – қурилишларда ишлаётган ишчиларнинг ҳуқуқлари, меҳнати муҳофазаси ҳақидаги масала.
Бугун юртимизда кўплаб қурилишлар бўляпти, бу яхши. Лекин минг-минглаб йигитлар хусусий қурилиш компанияларида норасмий ишлаб юрибди, ҳуқуқсиз, ҳимоясиз ишлаб юрибди.
Бу масала бир неча марта ҳукумат даражасида кўтарилган, уларнинг меҳнатини расмийлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифалари белгиланган. Аммо ижро, назорат суст.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг энг принципиал функцияларидан бири меҳнат ҳуқуқини таъминлаш, меҳнатни, яъни, ишлаётган инсонни муҳофаза қилиш ҳисобланади. Афсуски, улар ҳозир долзарб бўлган ушбу масала билан астойдил шуғулланаётганини кўрмаяпмиз. Инсонни ҳимоя қилиш масаласида бу вазирлик ўзининг борлигини кўрсатиши учун яна қанча вақт керак?
Биринчи масала даромадга муҳтож фуқароларни норасмий ишлатаётган, ҳуқуқларини ҳисобга олмаётган, қонунларга риоя этмаётган тадбиркорлар, ташкилотларга нима учун таъсирчан чора кўрилмаяпти?
Кеча Бухорода ҳалок бўлган 5 юртдошимизни фарзандлари энди ишлаб оиласига ёрдам бера олмайди. Болалари қаровсиз, ҳимоясиз қоладими? Уларнинг ишлаётгани расмийлаштирилганмиди? Расмий бўлса, вафот этганларнинг оиласига компенсация тўланадими? Улар кимнингдир фарзанди, отаси, акаси, ягона умиди бўлгандир!
Мутасадди идоралар бу масалаларга жиддий қараб, вафот этганларни, уларнинг оиласини ва албатта, юртимизда норасмий ишлаётган минг-минглаб юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши зарур.
Халқ демократик партиясининг фракцияси депутатлари норасмий ишлашга мажбур бўлаётган, фақат қурилишда эмас, барча соҳаларда ҳимояга муҳтож бўлиб турган инсонларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Биз бу масалани парламент муҳокамасига олиб чиқамиз.
Шокиржон Аҳмедов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.