Фидойи ўқитувчи эртамизнинг бугунгидан яхшироқ бўлишини кафолатлайди
Фидойи ўқитувчи эртамизнинг бугунгидан яхшироқ бўлишини кафолатлайди

 

Жорий йилнинг 9 сентябрида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим йўналишига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда юртбошимизнинг нутқи табиийки жамиятимизда илм-фан, маърифат ҳамда таълим соҳасига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасига ажратилаётган маблағлар 6 баробар ошганлиги ҳамда сал кам беш юзта мактабнинг қуриб фойдаланишга топширилганлиги ўқитувчи ва ўқувчиларга қаратилган кенг қамровли эътибордан чексиз ҳурмат- иззатдан далолат беради.

Айниқса, мамлакатимизда касбий таълим агентлигини ташкил этиш билан боғлиқ ташаббус, соҳага энг илғор таълим дастурларининг жорий этилиши ёшларимизнинг хорижий давлатлар таълим ташкилотларидан қолишмайдиган техникумларда туризм, тиббиёт, қурилиш, логистика, иқтисодиёт каби йўналишларда мустаҳкам билим олиб, ўзларига ёқадиган касбларни эгаллашларига катта имкониятлар эшикларини очади.

Педагогларимиз учун ипотека кредитларининг бошланғич бадалини қоплаш, фарзандларининг контракт тўловига чегирмалар бериш, компьютер хариди учун имтиёзли кредит ажратиш, давлат хизматлари тўловларини икки баробар камайтириш каби чоралар устоз ва мураббийларнинг мустаҳкам ижтимоий ҳимоясидан дарак беради. Бундай имкониятлар келажакда мамлакатимиз иқтисодиётининг кўтарилишига, ҳар томонлама тараққиётига хизмат қилади.

Муаллимлик жуда қийин касб саналади. Кўчада тузук юришни, мактаб партасида дуруст ўтиришни, қалам-ручка тутишни, дафтар ва китобларни озода сақлашни эплолмайдиган жажжи болакайдан 11 йил ичида туппа-тузук инсонни шакллантириш ўта мушкул ва масъулиятли бурч. Ўз ўрнида бунинг масъулияти ҳам анча залворли. Яқин ўтмишнинг атоқли намоёндаси Абдурауф Фитрат “Ҳаётимиздаги энг қийин ҳамда оғир масала бола тарбиясидир”, деб бежиз айтмаган. Алломанинг фикрига қўшиладиган бўлсак яхши ўқитувчи келажагимизни кафолатлашини қийинчиликсиз англай оламиз. Дарвоқе, мактабда аъло баҳоларга ўқиган, устозларининг оғзидан чиққанини илиб олган бола табиийки иқтидорига қараб муаллими асос солган келажакни бошқаради.

Барчамизга маълумки, касбини ҳурмат қилган устоз-муаллимлар кундузи мактабда жонини жабборга бериб, кечаси уйида уйқудан қолиб ишлайдилар. Улар ўқувчиларининг бирорта саволига жавоб тополмай уятли бўлишдан хавотирланиб яшашади. Баъзан ўзига, оиласига, яқинларига вақт ажрата олмайди. Аввал-бошда ўқитувчи деганимизнинг асосий вазифаси болани зериктириб қўймасликдан иборатдир. Маълумки боланинг кўнгли гулдан ҳам нозикдир. Улар мактабдан зерикдими, тамом. Турли баҳоналар ахтариб дарслардан қочишнинг, муаллимининг кўзидан панароқда бўлишнинг пайига тушиб оладилар. Айнан шу паллада уларни яна дарсларга қайтаришнинг, қизиқишларини тобора орттиришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун бугун ўқитувчиларни қанча қўллаб-қувватласак, уларга намунали шарт-шароитлар яратиб берсак, эъзозласак ҳам камлик қилади.

Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ахборот манбалари кўпайиб, турфа фикрлилик кучайди. Алданиб қолиш ва осонгина алдаб қўйиш мезонлари кенгайди. Ёш авлод мактаб педагогик жамоаси олдига шундай талаб ва истакларни кўндаланг қўядики ечимини излаб бошингиз қотади. Бунинг натижаси ўлароқ ўқитувчиларнинг билимсизлиги, мактаб жамоасининг муаммолари, ота-оналар билан доимий алоқа ўрнатилмаганлиги бир зумда сезилиб қолиши эҳтимоллари жуда катта. Аксига олиб бизни ўраб турган табиат қонунлари ҳам тобора ўзгариб бормоқда. Шунга ўхшаш таҳликалар замонда давр билан ҳамқадам бўламан, дея одамзод эсидан оғиши ҳеч гап эмас. Ҳаётдан орқада қолишни эса кечириб бўлмайди. Замондан, замондошларидан йироқлашиш ўқитувчининг зуваласини бузади. Мақсадимиз таълим тизимида яхши натижага эришиш экан, аввало ўқитувчиларни билимли, зукко ва тадбирли қилиш зарур. Билим бериш деганимиз муаллимнинг салоҳиятини, тажрибасини, одоб-ахлоқини, юриш-туриш маданиятини ҳам ўз ичига олади албатта. Бугунги ўқитувчи ҳар бир соҳада чексиз ва бепоён бўлиши шарт. Биз истаган ўқитувчилар сафи кенгайса, мактабларимизда келажагимиз учун фойдали муҳит юзага келади.

Мактабларда илм-у қудратга бой манба шакллангандан сўнг табиийки, ота-оналар шуурида ҳам ижобий ўзгаришлар юз беради. Шунча ютуқ ва янгиланишлардан кейин муаллимларнинг қадр-қиммати ортиб бориши шубҳасиз. Аммо бу борада масаланинг иккинчи томони ҳам борки ундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Бир мактабда ишлайдиган ўнта ўқитувчининг ютуқларини баъзан, худди шу мактабдаги биргина ўқитувчининг хатоси ёки ножўя қилмиши чиппакка чиқариб юбориши бор гап. Бундай кўргуликка дуч келмаслиги учун ҳар бир ўқитувчи ўз атрофини мустаҳкам ҳимоялаб қўйиши айни муддаодир.

Шуниси аёнки ойлик маошнинг кескин кўпайтирилиши ўқитувчиларни саралаб олиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга уларнинг кўнгилларини хотиржам бўлишига, ишига масъулият билан ёндошишига олиб келади. Аксинча бўлса, ўқитувчиларнинг ташвиши, муаммолари тобора ортиб бораверади. Буни тушуниш қийин эмас.

Дилида тугуни, дард-ташвиши бор инсон сира ўзига ўхшамайди. Бу ҳолат ўқитувчининг феълига жуда тез ва оғир зарбалар бериши, уларни ўз касбидан совутиши муқаррардир. Муаллим ўз касбидан совиса таълим-тарбия бутунлай орқага кетади. Саводсизлик бошланади. Одамлар чаласавод фарзандларини ўқитиш учун олий ўқув юртлари эшигига пул кўтариб боришни бошлашади. Бир гап билан айтадиган бўлсак, ўқитувчининг ойлик иш ҳақи рўзғор тебратишга етмаса ҳар қандай жамият ва давлатда коррупцион ҳаракатлар, ҳолатлар кучаяди. Президентимиз юқорида таъкидланган тадбирларда ўқитувчининг ойлик маошларини жаҳон стандартларига тенглаштириш лозимлигини бежиз таъкидламади. Бундай таклиф ва ташаббусда устозлар меҳнатининг юксак қадр-қиммати ҳамда тизимда таъмагирликнинг олдини олишга қаратилган мезонлар мужассам.

Айни паллада баъзи мактабларимизда шундай муҳит ҳукмронки, бола ўқитувчидан чўчийди. Нима учун? Чунки бизда боланинг билимини баҳолаш мезони бор. Буни ўзгартириш, замонга мослаш керак. Икки баҳо олган бола барибир дўстлари олдида қисинади. Баъзан, қалби беозор боланинг дарсларни ўзлаштиролмаётганлигини билган айрим ўқитувчилар уни керагидан ортиқ даражада камситиб юборишади. Муаллимнинг даккисидан, аъло баҳоларга ўқийдиган синфдошларининг жиззаки ҳамда иззаки муносабатларидан “иккичи” ўқувчи уялади. Уят аста-секинлик билан қўрқувга айланади. Қўрққан бола мактабга боришни истамайди. Ўқитувчиси олдида билганларини айтиб беролмайди. Дарсга тайёр бўлса-да, яна ўқитувчисидан дакки эшитиши мумкинлигидан қўрқиб қолади. Ичидагини ҳеч кимга айтолмай қийналади.

Хўш, мактаб ва бола ўртасидаги бундай номутаносиб муҳитдан қандай қутулиш мумкин? Бунинг учун ҳар бир синфда тажрибали психологлар фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам психологлар олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Ўқитувчининг ишига баҳо бериш ёки уни рағбатлантиришдан аввал бевосита мактаб психологининг фикр-мулоҳазаларига ҳам суянилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Ўз ўрнида психологлар мактаб маъмурияти ва ота-оналарга ўз вазифалари, режалари ҳақида ахборот бериб турса мактаб ҳаёти тобора яхшиланиб бораверади. Шунингдек, ўқитувчининг дарсдан ташқари пайтларда ҳам ўқувчилар атрофида кўпроқ бўлиши, улар билан ҳаётий мавзуларда тез-тез мулоқот қилиб туриши бола ўзлигидаги тортиниш, чўчиш аломатларини йўқотади. Ўқувчи балан ўқитувчининг руҳан яқинлашуви ўртадаги ҳар қандай салбий муносабатларга чек қўяди. Бундай устозларни тарбиялаш, кўпайтириш айни замондаги таълим жараёнининг асосий йўналиши бўлиши лозим. Ушбу йўналиш ўз ўрнида педагоглар тайёрлайдиган олий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар қилинишини талаб этади.

Юқори синф ўқувчиларининг кунига олти-етти соатлаб ўқишини биз замон, давр ҳамда таълим стандартларининг талаби деймиз. Аслида дарсларнинг кўплиги ўқувчиларни синфга киришдан бездириб қўйишнинг ҳам олдини олишимиз шарт. Бунинг чораси сифатида мен баъзи бир дарсларни, ҳаттоки, математика, кимё, физика дарсларини ҳам гоҳида ташқарида – очиқ ҳавода ўтишни қўллаб кўриш лозимлигини таклиф сифатида киритаман. Ўйлайманки, бунинг фойдаси катта бўлади ва яхши натижаларга олиб келиши тайин. Ҳар битта янгиликда лаззат бор деганларидек, болалар ҳамиша янгиликка интилувчан бўлишади.

Сир эмас, бугун ўқитувчиларнинг ярмидан кўпи уй-рўзғор ташвишларига ҳам ўралашиб қолишган. Айниқса, аёлларимиз, опа-сингилларимиз. Табиийки, оила ташвишларига дуч келган устоз ўзганинг боласига билим беришдан кўра кўпроқ ўзининг муаммоларини ҳал қилишни ўйлайди. Токи муаллим ва муаллималарнинг фикр-хаёли фақат мактаб ва дарс жараёни билан боғланмас экан, таълим тизимининг кемтикларини асло тўлдириб бўлмайди. Таълим даргоҳидаги дарслардан қониқмаган ота-оналар фарзандларини нархи фалон миллионли репетиторларга топширишга мажбур бўлишади. Бунинг устига мактабда тўлиқ таълим олган ўқувчилардан тўрттагинаси, репетиторга қатнаганлардан беш-олтитаси олий ўқув юртларига кирса бас, мактабнинг, ўқитувчиларнинг рейтинги репетиторникидан икки-уч баробар пасайиб кетади.

Гапнинг сарасини айтадиган бўлсак, бугун таълим жараёнида ўзгартирилиши, янгиланиши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Бу муаммоларни бартараф этиш масаласи фақат вазирликка ёки вазирга боғлиқ эмас. Буни бутун бир миллат бирикиб ҳал этсагина дилдаги эзгу-мақсадларга тезроқ эришамиз. Шунингдек, мен арзимаган сабаблар билан мактабларга иддао қилиб келадиган, ўқитувчиларнинг ҳурмат-иззатини тўкиб, ҳақорат қиладиган ота-оналардан ҳам оғир-босиқ бўлишларини, мактаб эшикларини қаттиқ ёпмасликларини, етти ўлчаб бир марта кесишларини сўрайман. Шуни унутманг-ки ўқитувчилар ҳеч қачон фарзандингизнинг ёмон инсон бўлиб танилишини истамайдилар. Мактаб таълими ҳамда муаллимлар, муаллималар ҳаётига шахсан давлатимиз раҳбари томондан эътибор берилаяптими, билингки, соҳада жиддий ўзгаришлар қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган. Алқисса, Президентимизнинг таклиф ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, унинг ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозим.

 

Гулшан МИРЗАЕВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутат,

Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш