Ҳудудлардаги учрашувлар бизга янги ғоялар беради

 

Ҳар гал сайлов округида сайловчилар билан учрашувлар янги ғоя ва келгуси фаолиятимиздаги режаларимизни ҳам белгилашга асос бўлади. Айтиш керакки, бу галги учрашувлар, ўрганишлар, тарғибот ҳамда назорат-таҳлил тадбирлари ҳам жуда самарали кечди.

Даставвал, Денов туманидаги Сина ҳудудий туғуруқ бўлимининг янги қурилган биносида бўлдик. Ўтган сафардаги учрашувларимизда пудратчи, лойиҳачи, буюртма берувчилар билан суҳбат ўтказилиб, қурилишни ўз муддатида ва сифатли тарзда амалга ошириш бўйича депутатлик назоратига олган эдик. Таъкидлаш керакки, комплексда замонавий тарзда қурилиш ишлари амалга оширилган. Энди бинони талаб даражасида жиҳозлаш масаласи ҳам депутатлик назоратига олинди.

Сўнг, тумандаги “Сина” маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўприк ва “Дашти чинор” маҳалласи Ушор ва Сина қишлоқлари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Обидара” сойининг сел сувлари оқибатида емирилган 900 метр қисмини сел сувларидан муҳофаза қилиш иншоотининг қурилиш жараёнларини ўргандик. Мазкур қурилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун тегишли тавсиялар берилди.

Келиб тушган мурожаатларда сел тошқини натижасида “Сина” ва “Файзобод” маҳаллаларини бир-бири билан боғловчи кўприк бузилгани айтилган эди. Масалани жойига борган ўрганиб, кўприкни қайта қуриш бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборишга қарор қилдик.

Учрашувлар давомида “Сина”, “Даҳана”, “Меҳнатобод”, “Соҳибкор” маҳаллаларида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг йўналишлар кесимида ижро этилиш ҳолати, маиший коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлиги ўрганилди.

“Меҳнатобод” маҳалласидаги 11-сонли оилавий поликлиника ва туман тиббиёт бирлашмаси, туғуруқ бўлимида “DMED” ягона ахборот тизимидан фойдаланиш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик каби масалалар ўрганилди, беморлар ва фуқаролар билан мулоқот олиб борилди.

Шунингдек, тумандаги 57, 60 ва 91-сонли мактабларнинг бошланғич синфлари таҳсил оладиган қўшимча бинолар ҳолати кўриб чиқилди. жараёнда аҳоли томонидан ушбу қўшимча бинолар ўрнига алоҳида янги бино қуриш зарурлиги бўйича мурожаат қилинди. Мазкур мурожаат бўйича масъул идоралар билан боғланиб, маслага ижобий ечим топиш масаласини муҳокама қилдик.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла еттилиги ва сайловчилар билан учрашувларда коррупцияга қарши курашиш ва бу борада қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, маиший коррупцияга қарши курашиш масалалари, айни пайтда қуйи палата муҳокамасида бўлган қонун лойиҳалари ва қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Шу билан бирга, аҳоли муаммолари ўрганилди, бир қатор таклифлар олинди. Ўрганилган масалаларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назорати ўрнатилди. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва таклифларни ўрганиб чиқиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш