Бугунги кунда дунёда тахминан 1 миллиарддан ортиқ ногиронлиги бўлган инсонлар бор. Юртимизда ҳам улар 1 миллион нафардан ортиқни ташкил қилади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тенг имконият ва қулай муҳит яратиш муҳим вазифа.
Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни мақсад қилган ягона сиёсий партиядир. Мазкур партия пойтахтимизда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари: ижтимоий ҳимоя ва қонуний кафолатлар” мавзусида давра суҳбати ўтказиб, мурожаатлар, таклиф-мулоҳазаларни тинглади.
Давра суҳбатида ногиронлиги бўлган шахслар партиянинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ногиронлар жамияти Марказий бошқаруви, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан бевосита мулоқотга киришди.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов тадбирни кириш сўзи билан очиб, партия ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ манфаатларини таъминлаш йўлида эришилган натижалар, олдинда турган вазифаларга қисқача тўхталиб ўтди. “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун нормаларининг ҳаётга тўлиқ ва самарали татбиқ этилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга интеграциясига тўсиқ бўлаётган омиллар, инклюзив жамият яратиш, бу борадаги дастурларни янада яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда инфратузилма объектларининг ногиронлар эҳтиёжларига мос эмаслиги, инклюзив таълим ва меҳнат имкониятларининг чеклангани, айрим ҳолларда ижтимоий нотенглик ҳолатлари кузатилаётгани айтилди.
Тадбир якунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш, қулай муҳит яратишга қаратилган миллий стандартларни ишлаб чиқиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва партиявий ёндашув асосида янги ташаббуслар ишлаб чиқишга келишиб олинди.