Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганлигининг 34 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси Аксавли Тумишова, Қонунчилик палатаси депутати Иба Наризова, партиянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси Бахтиёр Ташев ва бошқалар сўзга чиқиб, партиянинг мустақиллик йилларидаги фаолияти, ижтимоий ҳимоя, адолат ва тенглик ғояларини илгари суришдаги ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, партия фаоллари фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламдаги чора-тадбирларни амалга оширмоқда ва бу анъана келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
– Бугунги кунда вилоятимизда партиянинг 263 та бошланғич ташкилоти бўлиб, улар 50 минг нафарга яқин аъзони бирлаштирган, – дейди Б.Ташев. – Айни пайтда вилоятда партиямиздан сайланган бир нафар Сенатор, бир нафар Қонунчилик палатаси ва 47 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда партиямиз томонидан ўз дастурий ғоялари орқали фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Асосий мақсадимиз эса халқ манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Тадбирда жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, партия дастурий ғояларини тарғиб этишда катта ҳисса қўшиб келаётган 7 нафар партиянинг фидойи аъзоларига “Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони топширилди.
А.Бўриев,
ЎзА