Фуқаролар манфаатлари қонунчиликнинг устувор йўналиши бўлиши керак

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–142-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Мазкур ҳужжат қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва чегаралардаги ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳада жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат механизмлари белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига ушбу тоифадаги шахслар зиммасига улар устидан назоратни амалга оширувчи органларга вақти-вақти билан бориб туриш ва рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юклашни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзоси Дилбар Мамажонова мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат қилиш механизмларини белгилашни аниқ назарда тутувчи қўшимчалар киритилиши лозимлигини таъкидлади. Зеро, айни шу масалада амалиётда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат қилиш механизмлари ҳамда назорат субъектларининг бу йўналишдаги вазифалари белгиланмаганлиги ушбу соҳада томонларнинг ўзаро муносабатларида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Фракция аъзолари лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномани ратификация лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади – халқаро майдонда бутун инсоният учун хавф солувчи жиноятлар, хусусан, терроризм, одам савдоси каби кўринишларга қарши курашишда аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик қилишнинг янгича механизмлари, шунингдек, халқаро жиноятчиларни ушлаб бериш тизимига оид янгича ёндашувларни такомиллаштиришга қаратилган.

Депутат Зулайҳо Акрамованинг фикрига кўра, бу ҳужжат Ўзбекистонни жиноятчиликка қарши курашишда дунё миқёсидаги иштироки унинг халқаро майдондаги обрўсига ижобий таъсир кўрсатади.

Фракция аъзолари ҳар бир қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг кенгайтирилган, асослантирилган таклиф ва тавсияларини билдириб ўтишди. Зеро, билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббусларнинг ортида мамлакатимизнинг ривожланишга хос ёндашувлар, муҳими, унинг фуқаролари манфаатлари ётибди.

Муҳокамалар якунида кун тартибида кўрилган лойиҳалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш