Пенсия билан боғлиқ туб ислоҳотлар ҳеч бир давлатда осон амалга оширилмаган. Чунки бу тизимдаги муаммоли масалаларни аниқлаш ва самарали ҳал этиш чуқур таҳлилларни тақозо этади.
Бугунги кунда юртимизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн. 678 минг нафарни ташкил этиб, аҳоли сонидаги улуши 10,9 фоизни ташкил қилмоқда. Шу жумладан, 3 млн. 313 минг нафар фуқаро пенсия олувчи ҳамда 365 минг фуқаро нафақа олувчи ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож, пенсия ёшидаги қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида биргина 2019 йилда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид 3 та фармони, яна 3 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ислоҳотлар шулар билан тўхтаб қолмади. Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги фармонига мувофиқ, Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Албатта, тизимда олиб борилаётган катта ижобий ишлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида (собиқ жамоа хўжалиги, давлат хўжалигида) ишлаб, пенсияга чиққан шахслар ўша даврда ишлаган бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Мазкур масала Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан сайлов округларида, фуқаролар, мутасадди идоралар вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ўрганиб чиқилди ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда қонунчилик билан боғлиқ айрим муаммолар юзага келгани аниқланди.
Таъкидлаш жоиз, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида 1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади, деб белгиланган.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, қишлоқ хўжалиги соҳасида (собиқ жамоа, давлат ва ширкат ҳўжаликларида) ишлаган фуқароларнинг 2005 йилгача бўлган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар (ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) аксарият ҳолатларда архив сақловига топширилмаган ёки йўқолган.
Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалиги соҳасида (собиқ жамоа, давлат ва ширкат ҳўжаликларида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган аксарият фуқароларга ишланган вақтнинг амалда давом этган давридан келиб чиқиб паст миқдорда пенсия тайинланган.
Мисол учун, собиқ жамоа хўжалигида 1980 йилда эркаклар учун 220 кун, аёллар учун 160 кун меҳнат минимуми ўрнатилган. Ўша йилларда қишлоқ хўжалигида меъёр(норма)ларни бажаришга талаб қаттиқлиги ҳисобга олинса, аксарият ишчи-ходимлар меҳнат минимумини бажаришган. Лекин йиллар ўтиб, улар пенсияга чиқиш пайтида собиқ жамоа хўжалигининг бу ҳақдаги қарорини тақдим эта олишмаган. Бунинг асосий сабаби меҳнат минимуми тўғрисидаги қарорлар ўз вақтида архивга топширилмаган ёки йўқолган. Аммо бу ҳолатда меҳнат мажбуриятини бажарган, пенсия ёшига етган фуқароларимиз айбдор эмас. Улар тизимдаги камчилик туфайли йиллар давомида жабр кўрмоқда.
Яъни, собиқ хўжаликларда ишлаган эркаклар учун ўша вақтда бир йиллик меҳнат стажи ҳисобланган 220 кун амалдаги қонунчиликка асосан бир йиллик эмас, балки 7 ой 10 кун сифатида ҳисобга олинган. Худди шундай: аввал аёл киши учун йиллик меъёр саналган 160 кун амалдаги қонунчиликка асосан 5 ой 10 кун сифатида ҳисобга олинган.
Оқибатда қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган фуқароларга ўша вақтларда бошқа соҳаларда ишлаган кишилар, айтайлик, тенгдошларига нисбатан 2-3 баробар кам пенсия ҳисобланган.
Демак, 2005 йилга қадар собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларида ишлаган фуқароларнинг ўша вақтда меъёр ҳисобланган меҳнат стажи тўлиқ йиллик стаж сифатида инобатга олиниши ҳақида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш лозим. Минг-минглаб юртдошларимизнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашда бу муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, қонунчилигимизда тўлиқсиз ёшга доир пенсия белгилашда ҳам айрим муаммолар мавжуд. Ҳозир камида 7 йил иш стажига эга бўлган шахсларга тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 236 000 сўмни ташкил этмоқда. Аёнки, бу пенсионерларнинг энг зарур эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етарли эмас.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда Халқ демократик партияси фракцияси тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” кўрсаткичларини қонунчиликда белгилаш ишларини олиб бормоқда. Келгусида пенсиянинг энг кам миқдорини “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” кўрсаткичлари асосида қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.
Шунингдек, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақти тўлиқ қўшиб ҳисобланиши ҳақидаги меъёрни қонунчилигимизга киртишимиз керак.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси юқоридаги таклифлар ва партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш Концепциясини ҳар томонлама пишиқ-пухта тайёрлаш ва қабул ҳаётга жорий этиш жараёнларида фаол иштирок этади.
Улуғбек ВАФОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.