Инклюзив таълим: муаммолар таҳлил қилинди

 

Бугун дунёда кечаётган шиддатли глобаллашув жараёнида инклюзивлик давр талабига айланиб улгурди. Шу сабабдан дунё лексиконида “инклюзив жамият”, “инклюзив таълим” иборалари тобора чуқурроқ сингиб бормоқда.

Кейинги йилларда юртимизда ҳам инклюзив жамият яратишга, таълим соҳасида инклюзивликни оширишга қаратилган стратегиялар, кенг қамровли дастурлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимиз сиёсий майдонида ижтимоий адолат, ҳамма учун тенг имкониятлар яратилиши учун кураш олиб бораётган сиёсий куч сифатида жамиятда ҳам, таълимда ҳам инклюзивлик юқори даражада бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Партия Сайловолди дастурида ҳам бу масала алоҳида қайд этилган.

Шунинг учун Халқ демократик партияси мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни ҳудудлар кесимида ўрганиб, доимий таҳлил қилиб боради ва аниқланган муаммолар бўйича муҳокамалар ўтказади, таклифлар ишлаб чиқади.

Бугун ҳам партия Марказий Кенгаши томонидан пойтахтимизда “Инклюзив таълим тизимидаги муаммо ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумотларга қараганда, бугун юртимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактабларда 20,5 минг нафар, умумтаълим мактабларида 75 минг нафар бола таълим олмоқда.

Жорий йил якунига қадар қўшимча 9,5 минг нафар ногиронлиги бўлган болани оддий синфларга, 2 мингга яқинини эса инклюзив синфларга жалб этиш орқали қамровни 82 фоиз га етказиш режалаштирилган.

2 023 та мактабда 3 483 та инклюзив синфлар ташкил этилган бўлиб, уларда 4 509 нафар ногиронлиги бор болалар таълим олмоқда.

Мулоқот давомида соҳада мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди. Ўрганишларда маълум бўлишича, инклюзив таълим жорий этилган мактабларнинг кўпчилигида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракат қилиши учун “тўсиқсиз муҳит” яратиш ҳамда инклюзив таълимга жалб этилган болалар қўшимча шуғулланиши учун коррекцион хоналарни жиҳозлаш ишларига маҳаллий ҳокимликлар томонидан етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Бундан ташқари, инклюзив таълим ва меҳрли мактаб фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимининг туман ва шаҳарларда масъул ходими йўқлиги муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бу эса инклюзив таълим жорий этилган мактаблар фаолиятини янада самарали ташкил қилиш, педагоглар, ўқувчилар ёки ота-оналарда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда.

Мунозара тарзидаги мулоқотда мутасадди вазирлик-идоралар масъуллари юзага келаётган, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, тезкор ва таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашишди.

Инклюзив синфларда таълим олган болалар тез ривожланади, фанларни яхши ўзлаштиради, жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослашишда камроқ қийинчиликларга дуч келади. Шунинг учун инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, ҳудудларда бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Халқ демократик партияси ҳудудларда инклюзив таълим билан боғлиқни масалаларни ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқишни, жойларда ижро ҳокимиятининг, мутасадди идораларнинг масъулиятини кучайтиришни давом эттириши маълум қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш