Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш – доимий вазифа

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида давлат ва жамиятимиз равнақи билан боғлиқ муҳим вазифалар ҳамда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш, бу жараёнда Халқ демократик партияси депутатлик корпусининг фаол иштирокига эришиш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидландики, йиғилишда белгилаган вазифалар партиямизнинг муҳим дастурий мақсадлари амалга ошишига, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади. Шунинг учун жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш борасида катта масъулият турганлиги, реал натижалар учун қатъий ва амалий ҳаракат қилиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда фракциямиз раҳбари Улуғбек Иноятов камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, муҳтож аҳоли вакиллари манфаатларини ҳимоялаш борасида муҳим натижаларга эришилаётгани, шу билан бирга, ҳали олдинда долзарб вазифалар турганлигини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, видеоселекторда кўрсатилган 5 та йўналиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олиш, энг муҳими, ҳар бир чора-тадбирдан реал натижа бўлишига эътибор қаратиш зарурлиги билдирилди.

Навбатда муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама этилди. Лойиҳага кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки одометр ускунаси алмаштирилганлиги ҳақида автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорни хабардор этмаслик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Депутат Жамол Ачиловга кўра, одометр кўрсаткичини сохталаштириш натижасида автомобилнинг янги эгаси автомобиль ҳолати ҳақида нотўғри маълумотга эга бўлиш ҳолатлари юзага келмоқда. Шу туфайли қўшимча техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмларни алмаштириш кечикиб, бу эса мулкдор ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўймоқда. Шу боис тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Қонун лойиҳасининг ижтимоий аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, лойиҳа маъқулланди.

Депутатлар ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг аниқ позициясини билдирди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш