Бугун қонунчилик ташаббуслари сони ортиб бормоқда. Бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш учун муҳим. Бироқ қонунлар аввало ҳақ манфаатларига хизмат қилиши лозим. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қонун лойиҳалари муҳокамасида ана шу принципиал жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ривожланиш, замонавий ёндашувларни ўз ичига олганлиги таъкидланди. Лойиҳага кўра, мамлакатимизда спорт соҳасини янада такомиллаштириш, соҳага янгича инновацион ёндашувларни жорий қилиш назарда тутилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда спорт соҳасининг айрим ҳуқуқий бўшлиқлари ўрнини тўлдириш ҳам мақсад қилиб олинган.
Депутат Анвархон Темировнинг фикрига кўра, агар қонун лойиҳаси спорт иншоотларининг шаҳарларда жамланиб қолишига, пулли хизматларнинг устун бўлишига тўсқинлик қилмаса, у ижтимоий қонун эмасдир. Биз спортни соғлом турмуш тарзи, деб эълон қиламиз, аммо уни барча учун тенг қила олмасак, бу шиордан нарига ўтмайди, деб таъкидлади депутат.
Лойиҳа фракция аъзолари фикр-мулоҳазалари асосида дастлабки тарзда маъқулланди.
«Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчиликнинг Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимига мувофиқлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди. Унга кўра, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш назарда тутилган.
Депутат Шокиржон Аҳмедовнинг фикрига кўра, янги талаблар фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қийинчилик ёки мураккабликлар туғдирмаслиги керак, шунинг учун у амалга оширишга ҳар томонлама қулай бўлиши зарур.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Фракциямиз давлатнинг ижтимоий масъулияти ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади.