Янги Ўзбекистон тараққиётида янги давр
Янги Ўзбекистон тараққиётида янги давр

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномаси дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Биринчидан, Мурожаатномада Президентимизнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади.

Иккинчидан, сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифлар айтилади.

Учинчидан, мамлакат раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.

Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномасида ўтган йилда амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоб қилиниши билан бирга, келгуси йилнинг номланиши ва амалга оширилиши кутиладиган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизда ўтган 9 йилда амалга оширилган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш, халқ билан мулоқот қилиш ва ислоҳотлар самарасини ҳар бир хонадонда ҳис этиш олий мақсад этиб белгиланган. Ушбу давр мобайнида юртимизда иқтисодиёт, энергетика, сув таъминоти, илм-фан, спорт ва аҳолини камбағалликдан чиқариш йўналишларида катта ютуқларга эришилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган 6 та устувор вазифалар ижроси сифатида 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради.

Белгилаб берилган устувор вазифалар маҳаллалар инфратузилмасини янада ривожлантириш орқали юртимиз ободлигини таъминлаш, иқтисодиётни инновацион ва технологик ривожлантириш ялпи ички маҳсулотни 2030 йилгача 240 млрд.долларга етказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил энергетика” ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини яратишдан иборат.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Маҳалла — жамиятнинг юзи. Агар маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса, демак, бутун жамият ўзгаряпти”. Бу қарор замирида давлат бошқарувини бевосита халққа яқинлаштириш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшашдек олий масъулият мужассамдир. Маҳаллани ободонлаштириш, уни инфратузилмасини янада яхшилаш, бир сўз билан айтганда, маҳаллаларимизга янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилади.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Мурожаатномадаги олтинчи устувор йўналишда замонавий давлат бошқарувини таъминлаш ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими таъминланиши белгиланди.

2026 йилдан Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади. Энди барча давлат идораларнинг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.

Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар давом эттирилиб, одил судловни жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш бошланган. Энди тергов жараёнларини ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари кучайтирилади. Келгуси йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.

Умуман олганда, Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар юртимизни янада тараққий эттириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилишга хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш