Болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш масъулияти
Болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя  қилиш масъулияти

 

Болалар — жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатлами бўлиб, уларнинг жисмоний, маънавий ва интеллектуал камолоти мамлакатнинг келажак тараққиётини белгилаб беради. Бугунги глобаллашув ва жадал ислоҳотлар шароитида эса бу масала янада долзарблашади. Айнан болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда ҳам давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Хусусан, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир махсус қонунчилик базаси яратилиб, уни ижро этиш юзасидан самарали ҳуқуқий механизм йўлга қўйилди. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Мазкур Қонун билан болаларга нисбатан зўравонликнинг 6 та шаклига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш ҳамда қонунан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ҳужжатда болаларга нисбатан салбий муносабатларнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ва уларни самарали амалга ошириш механизмлари ўз аксини топди.

Шунингдек, ҳимоя ордери бериш, жабрланган ёки хавф остидаги болага комплекс ёрдам кўрсатиш, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганда уни қонуний вакиллари қарамоғидан олиб қўйиш каби таъсирчан механизмларга асос солинди.

Жойларда мазкур ҳужжатнинг ижросини тўғри ташкил этиш, жамиятда бу салбий иллатга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, кўзимизнинг оқу қораси, деб эъзозлаганимиз мурғак фарзандларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Президентнинг “2026 — 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу стратегия ўз олдига жуда катта вазифаларни қўйган. Аввало, қаерда бўлмасин, болалар учун хавфсиз муҳит яратиш, бирор ноқулай шароитдаги ўғил-қизларни эрта аниқлаш ҳамда жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ болажонларга комплекс ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда мавжуд айрим бўшлиқлар зўравонликдан жабрланган шахсларга кўмак беришда тўлиқ ҳуқуқий механизмларни таъминлашни, мавжудларини янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу каби муаммоларга барҳам беришга қаратилгани билан жуда аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжат асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда аёлларни реабилитация қилиш марказларига зўравонликдан жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ва суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, жабрланувчилар махсус марказларда бўлган даврда уларнинг иш жойи ва лавозимини сақлаб қолиш кафолатланмоқда. Миллий қонунчилигимизга “боланинг энг устун манфаатлари” деган тушунчани киритиш таклиф қилинмоқда.

Айтиш мумкинки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтиради. Зеро, болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш орқали тараққиётнинг мустаҳкам асоси яратилади.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш