Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш учун ижтимоий кафолатлар зарур

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнида муқобил фикр билдириш, фуқаролар ва жамоат манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга интилмоқда. Ҳар бир қонун лойиҳаси давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари қай даражада инобатга олинаётгани нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Фракциянинг бугунги йиғилишида дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Фракциянинг умумий нуқтаи назаридан айтиш жоизки, лойиҳада белгиланаётган меъёрлар автотранспорт воситаларини реализация қилишда шаффофликни таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бироқ, фракциямиз аъзолари ушбу мақсадга эришишда қатор масалалар етарлича аниқ ва мукаммал тарзда ҳал этилмаган, деб ҳисоблайди.

Анвархон Темировга кўра, одометр кўрсаткичларига аралашув фактини аниқлаш механизми, унинг исботланиш тартиби ҳамда жавобгарлик кимга – автотранспорт воситасини сотувчи жисмоний шахсга, дилерлик ташкилотига ёки воситачига юклатилиши масалалари лойиҳада аниқ белгилаб қўйилмаган. Бу эса амалиётда ноаниқликлар, турлича талқинлар ва ортиқча маъмурий чигалликлар келтириб чиқариши мумкин.

Фракция мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, депутат Сайёра Имомованинг таъкидлашича, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда болаларни ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқий нормалар билан чекланмасдан, аниқ ижтимоий кафолатлар ва давлат мажбуриятлари билан мустаҳкамланиши лозим.

Шу билан бирга, фракция аъзолари айрим масалаларга эътибор қаратдилар. Биринчидан, лойиҳада жабрланувчиларни вақтинчалик жойлаштириш, психологик ва ижтимоий реабилитация хизматларини давлат бюджети ҳисобидан кафолатлаш масалалари етарлича очиб берилмаган. Иккинчидан, ҳимоя ордери қўлланилишида ижросини таъминлаш механизмлари амалиётда ишламай қолиш хавфи мавжуд. Оқибатда жабрланувчиларнинг устун манфаатлари ҳимояланиши бўйича ижтимоий механизмлар етарли даражада мустаҳкамланмаган.

Фракциямиз ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан эътироз ва таклифларини расмий тарзда билдириб, парламентда конструктив ва адолатли муҳокамалар олиб боришни давом эттиришини маълум қилади.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш