Фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш имкони
Фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш имкони

 

Президентимизнинг АҚШга ташрифи ва Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишидаги иштироки Ўзбекистоннинг нафақат ўз минтақасида, балки дунёнинг узоқ нуқталаридаги тинчлик жараёнларида ҳам муҳим овозга эга эканини кўрсатди. Бу эса замонавий дунёдаги мураккаб геосиёсий зиддиятлар ва низолар фонида Ўзбекистоннинг очиқлик, прагматизм ва кўп векторли ташқи сиёсат йўли ўзининг ҳаётийлигини яна бир бор исботлади.

Кутилганидек, Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга ташрифи ўта тиғиз ва мазмунли дастур билан ўтди. Ташриф давомида давлат раҳбари АҚШ маъмурияти вакиллари, етакчи компаниялар раҳбарлари ва халқаро молиявий институтлар етакчилари билан кўплаб учрашувлар ўтказди. Олий даражадаги музокаралар эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларини жадаллаштириб, анъанавий алоқаларни йирик инвестициявий битимлар билан бойитди.

Шу ўринда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқалар мисли кўрилмаган ўсиш суръатларини кўрсатганини қайд этиш жоиз. Маълумотларга кўра, 2017 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баравардан зиёд ўсган. Ўзбекистоннинг экспорти 9,1 бараварга, импорт эса 3,9 бараварга, Америка инвестициялари (йиллик) 64 бараварга ўсган. Америка капитали иштирокидаги корхоналар 2,1 бараварга ўсиб, 346 тани ташкил этмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон экспорти таркибида хизматлар 81 фоиз бўлиб, асосан дастурлаш ва IT хизматлари етакчилик қилмоқда. Бу эса мамлакатнинг инсон капитали ва юқори технологияларга асосланган экспорт салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради. АҚШдан импорт қилинаётган маҳсулотлар асосан юқори технологик машина ва ускуналар, жумладан, ҳаво кемалари ва саноат агрегатлари ташкил этади.

Булар шуни англатадики, Ўзбекистон АҚШ учун жуда йирик ва ишончли иқтисодий бозорга айланмоқда. Асосийси, Американинг энг илғор технологиялари ва инвестицияларининг кириб келиши мамлакатимизда юқори малакали иш ўринлари яратилишига, саноатнинг модернизация бўлишига ва халқ фаровонлигининг ошишига хизмат қилади.

Тинчлик кенгашининг йиғилишида Ўзбекистоннинг тинчлик ташаббуслари қўллаб-қувватлангани, шунингдек, глобал хавфсизликни таъминлашда янги механизмлар зарурлигига оид масалалар илгари сурилгани таъкидланди.

Президентимиз ташрифи АҚШда катта қизиқиш ва эътироф билан кутиб олинди. Америка томони Ўзбекистонни минтақадаги “ишончли, барқарор ва масъулиятли шерик”, деб атади. Тинчлик кенгаши доирасидаги иштирок эса Ўзбекистонга дунёда барқарорлик ўрнатишда фаол саъй-ҳаракатларини давом эттириш имконини беради.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш