Фарғона шаҳридаги 3 та давлат таълим ташкилотида жорий йил 21 февраль куни болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганлиги билан боғлиқ ҳолат кенг жамоатчилик орасида турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Маълумки, худди шу каби болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати ўтган йил сентябрь ойида Тошкент вилоятининг айрим туманларидаги аутсорсинг асосида овқатлантириладиган давлат боғчаларида содир бўлган эди.
Умуман, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бундай кўнгилсиз воқеалар такрорланаётгани фуқаролар, айниқса, ота-оналар, Халқ демократик партияси вакилларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова ушбу долзарб масалада соҳага асосий масъул бўлган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г.Каримовага депутат сўрови юборди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1-сон қарорига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштиришга масъул этиб белгиланган.
Бироқ, белгиланган тизим амалиётда қатъий ва самарали ишламаётганини кўрсатмоқда, натижада эса кўплаб болаларнинг захарланиши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юз бермоқда.
Юқоридагилар ҳолатлар қатор масалаларни юзага келтирмоқда ва жиддий саволларни туғдирмоқда:
- Давлат мактабгача таълим ташкилотларида тадбиркорлик субъектлари билан белгиланган тартибда шартномалар тузилишини ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилишини таъминлаш жараёнида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устуворлиги тамойилига амал қилиниши ҳолати қай даражада? Давлат харидларини ташкил этишда қонунчилик ҳужжатларга қатъий риоя этилишига тўсқинлик қилаётган қандай омиллар бор?
- Турли манбаларда Фарғона вилоятида хизмат кўрсатаётгани келтирилаётган “Garden Catering Trade” МЧЖ бўйича қонунга мувофиқ қабул қилинмагани билдирилган қарорни бекор қилиш ва ушбу соҳада келгусида қонунийликни таъминлаш юзасидан вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қандай аниқ чоралар кўрилган?
- Кейтеринг ташкилоти томонидан таклиф қилинаётган таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқилмагани вазирлик расмий мансабдори томонидан 2024 йил июль ойида қайд этилган бўлса, бу каби ҳолатлар бўйича вазирлик шу вақтга қадар ўз ваколати доирасида қандай аниқ чоралар кўрган ва қандай натижаларга эришган?
- Тошкент вилоятининг айрим туманларидаги аутсорсинг асосида овқатлантириладиган давлат боғчаларида ўтган йил сентябрь ойида содир бўлган болаларнинг оммавий захарланишидан қандай хулосалар чиқарилди? Қандай ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўрилди? Нима сабабдан бу каби ножўя ҳолат яна қайтарилмоқда?
- Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш, самарали назоратни амалга ошириш, жамоатчилик ва ота-оналар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қандай таклифлар бор?
“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, вазир сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши лозим.