Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқоти меҳрли муносабат, улкан ишончнинг яна бир намунаси бўлди.
Юртимиздаги 22 миллиондан ортиқ ёшлар улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч экани алоҳида таъкидланди. Бу – стратегик масала. Чунки, ёшлар мамлакат тараққиётини белгиловчи энг асосий индикаторлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу мулоқотни ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувваатлаш ва уларга кенг имкониятлар яратишда долзарб ҳаётий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.
Ёшларни тил ва замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларни спортга кенг жалб этиш, инновацион ғоя ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, бандлик ва даромад масалаларини ҳал этиш бўйича белгиланган устувор вазифалар – бу ишончли ижтимоий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Партиямиз нуқтаи назаридан, ёшларга қаратилган ҳар бир инвестиция – бу ижтимоий барқарорликка, иқтисодий ўсишга ва сиёсий баркамолликка қаратилган инвестициядир.
Мулоқотда Президент томонидан илгари сурилган “Бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслик” ҳақидаги қатъий талаб ижтимоий адолат тамойилининг амалий ифодаси бўлди.
Мулоқотда ёшларга оид ҳар бир масала атрофлича қамраб олинди. Билдирилган ташаббусларнинг аниқ механизм ва чора-тадбирлари кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларини таълим ва касб-ҳунар билан қамраб олиш борасида ҳаётий зарур ташаббус илгари сурилди. Бунда жойларда эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитадиган ўқув марказларига қўшимча имтиёзлар берилиши белгиланди. Яъни, улар ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади, коммунал харажатларининг ярми қоплаб берилади, ўқитувчиларга тўланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ “кешбек” тариқасида қайтарилади.
Шунингдек, техникумларнинг таълим дастурларини иш берувчилар талаби асосида янгилаш, дуал таълимнинг қамровини кенгайтириш, моддий-техник базани яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди. Бу ўз-ўзидан бозор иқтисодиётининг асоси бўлган талаб ва таклиф тамойилининг ишлашига замин яратади.
Бундан ташқари, жорий йилдан техникум ўқувчилари учун ҳам “Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)” дастури асосида 6 ой хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилади, иштирокчиларга йўлкира харажатлари учун ссуда ажратилади. Техникум ўқувчиларининг мазкур дастури орқали хорижий тажриба билан танишиши ҳамда касбий баркамол бўлишида катта аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун кўплаб мамлакатларда демографик таназзул юз бермоқда. Яъни, аҳоли умумий сонида ёшларнинг улуши тушиб бормоқда. Дунё ҳамжамияти олдида шундай глобал муаммо турган пайтда Ўзбекистонда ёшларнинг улуши 60 фоиздан ошиши бу бизнинг улкан ютиғимиздир. Зеро, замонавий технологиялар, рақамли иқтисодиёт, инновацион ишлаб чиқариш каби ҳозирги замоннинг энг илғор йўналишларида асосан ёшлар юқори натижа кўрсата олади. Шунинг учун ҳам бу умуммиллий вазифага айланмоқда.
Кўксаройдаги мулоқот ёшларга бўлган ишонч, очиқлик ва масъулият руҳини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ижтимоий тенгликни таъминлаш, давлат грантлари ва имтиёзли таълим дастурларини кўпайтириш, чекка ҳудудлардаги ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш тарафдоридир.
Ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолати ҳисобланади. Шу маънода ёш авлод билан мулоқот ҳар бир оилада қабул қилинадиган қарорлар сифатини оширишга ҳам хизмат қилади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.