Ижтимоий муаммолар ечими: ҳуқуқий асосларни кучайтириш зарур

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси бир қатор муҳим қонун лойиҳаларини муҳокамадан ўтказди. Лойиҳаларда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар назарда тутилган.

Кун тартибига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутат Ж.Ачиловнинг фикрича, маъмурий жазолар қўлланилишида адолат ва мутаносиблик тамойиллари сақланиши муҳим. Маъмурий жавобгарликни кучайтириш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам тўлиқ ҳимоя қилиниши керак. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

«Хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва потенциал хавфли объектларнинг саноат хавфсизлиги тўғрисида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Депутат Қ.Қосимова мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқариш жараёнларида инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Хавфли ишлаб чиқариш объектлари фаолияти устидан давлат назоратини кучайтириш ва ишчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласи партия фракцияси учун доимо устувор эканини билдирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида ижтимоий адолат, фуқаролар ҳуқуқлари, шаффофлик ва жамоатчилик манфаатлари устувор бўлиши лозимлигини таъкидлади. Фракция депутатлари айрим нормаларни янада такомиллаштириш, аҳоли манфаатларини кучлироқ ҳимоя қилиш ва ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида креатив иқтисодиёт субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, улар учун қулай ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар яратиш назарда тутилган.

Муҳокама жараёнида депутатлар қатор савол ва таклифлар билдирдилар. Хусусан, депутат Сайёра Имомова қонун лойиҳасида айрим хорижий контрагентларга солиқ имтиёзлари берилишига оид нормалар юзасидан фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, миллий маданият ва қадриятларни тарғиб этишда маҳаллий мутахассислар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш муҳим.

Қонун ташаббускорлари мазкур норма хорижий мутахассисларга устуворлик беришни англатмаслигини таъкидлади. Изоҳланишича, айрим ҳолларда замонавий технология ва тажрибаларни жалб этиш мақсадида хорижий мутахассислар иштирокида лойиҳалар амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, бундай имтиёзлар икки томонлама солиққа тортиш ҳолатларининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Йиғилишда яна бир қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, фракция аъзоси Шокиржон Аҳмедов давлат харидлари тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартишлар юзасидан асослантиришлар етарли даражада келтирилмаганига эътибор қаратди. У бундай нормалар қабул қилинган тақдирда, уларнинг аниқ мезонлари ва чекловларини белгилаш зарурлигини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида қонун ташаббускорлари лойиҳадаги мавжуд айрим техник хатоликларни ишчи гуруҳ доирасида бартараф этишларини маълум қилдилар.
Фракция аъзоси Шарофиддин Назаров мазкур масала юзасидан фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, маданият ва санъат соҳасига оид айрим халқаро тадбирларни ташкил этишда тўғридан тўғри шартнома тузиш амалиёти аввал ҳам мавжуд бўлган. Ва бу каби тадбирларда фақат нарх мезонига асосланган очиқ танлов ҳар доим ҳам самарали натижа бермаслиги мумкин.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Партия фракцияси қабул қилинаётган ҳар бир қонун аввало халқ манфаатига хизмат қилиши, ижтимоий тенглик ва адолатни таъминлаши керак, деган қатъий позицияни доим ҳимоя қилади.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш