Ватан биздан фидойиликни кутмоқда
Ватан биздан фидойиликни кутмоқда

 

Бутун дунё аҳлини саросимага солаётган коронавирус пандемияси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шундай бўлса-да, бугунги синовли кунларга шукрона қилишимиз лозим бўлган кўплаб жиҳатлар мавжуд. Чунончи, биринчидан, бу иллат даставвал бизнинг ватанимизда бўй кўрсатмади. Зеро, босиб ўтилган йўлдан қадам ташлаш бироз енгилроқ. Иккинчидан, фарзанди учун яшайдиган, унинг учун бор-будидан кечишга-да тайёр ота-оналаримизнинг ўз жигаргўшаларини бағирларига олиб, оила жамулжамлигида офатни енгаётганлари ҳам эътирофли жиҳат. Айниқса, саховатли инсонларнинг хайрия ёрдамлари ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами учун мадад бўлаётир. Чунки биз саховатпеша халқмиз.

Шу қисқа муддатда фуқароларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилгани — элимизнинг мазкур хавф-хатарга қарши елкама-елка курашишга тайёр эканлигининг ёрқин исботи.

Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда, — деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, бугун фидойиликни биздан ВАТАН кутяпти. Беш бармоқнинг бирини тишласангиз, бари оғрийдиган пайт ҳозир. Зеро, бировга юққан дард бугун барчага бирдек хавф солади. Ҳар биримиз имкониятимиз ва бурчимиздан келиб чиқиб, масъулиятни чуқур англаб, хавфни бартараф этишга бирдек ҳисса қўшайлик.

Таъкидлаш жоиз, шифокорлар ўз оиласи бағридан кечиб туну кун юрт саломатлиги йўлида хизмат қилмоқдалар. Мактабдан тортиб ОТМларнинг талабаларигача сабоқлари онлайн режимда ўтмоқда. Бу – бизнинг ҳамжиҳатлигимиз, соғлом фикрлашимиз ва бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз учун синов эмасми? Унда нега баъзи инсонлар қўлдан келгунча ёрдамини аямай саховат қўлини узатаётганлар номига норозилик фикрларини билдиришмоқда. Шу вазиятда ҳам ўзини ўйлашдан тўхташмаяпти баъзилар? Шу вазиятда ҳам яна ва яна халқимизни оғир аҳволга солишни истаяпти кимлардир...

Жалолиддин Румий ҳазратлари шундай дейдилар: “Бу дунё бир тоғ кабидир. Унга қандай садо берсанг, у ҳам сенга худди ўша садони қайтаради. Оғзингдан хайрли бир сўз чиқса, хайрли сўз жаранглайди. Ёмон сўз чиқса, орқама кетин ёмон сўз жаранглайди. Шундай экан ким-ки, сенинг ҳақингда ёмон сўз сўзласа, сен у инсон ҳақида қирқ кеча кундуз фақатгина гўзал сўзлар сўзла. Қирқ кундан сўнг, барча нарсани ўзгарганини кўрасан. Агар сенинг кўнглинг ўзгарса, бутун дунё ўзгаради”.

Дунёни ўзгартиришга қодир кўнглингизни қачон ўзгартирасиз? Сўзингизни қачон ўзгартирасиз? Сиз шу элни чинакам севишни, ардоқлашни қачон ўрганасиз?

Бугун фидойилар сизлар учун, шу юрт учун ишдалар, сизнинг хизматингиздалар, Сиз бунинг шукронасини айтиш ўрнига нега барчадан норозисиз?

Сиз юртни чинакам севишни, ардоқлашни, шукронани ўрганинг. Зеро, офатни биргаликда енгамиз!


Зулфия Туйева,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш