Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ирина Токарева масъуллар билан биргаликда Учтепа туманидаги “Зулфизар” ва “Юсуф Саккокий” маҳаллаларида жамоат хавфсизлиги ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар давомида “маҳалла еттилиги” вакиллари ва профилактика инспекторлари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг муҳим қисми ижтимоий йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишишдан иборат бўлди. Бугунги кунда “Зулфизар” маҳалласида 360 нафар пенсионер ва 35 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Улар учун доимий эътибор, манзилли қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш масалалари ҳам ўрганилди.
Шунингдек, маҳаллаларда мавжуд хавфсизлик муаммолари, оилавий низоларни бартараф этиш, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлаш ҳамда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад эса аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш ва фуқароларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда уларнинг ечими бўйича тегишли чораларни белгилашдан иборат.