Фракциямизда муҳим қонун лойиҳалари муҳокамадан ўтди

 

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди.

Мазкур Қонун билан халқ депутатлари Кенгашларининг бошқа ваколатлари фақат қонун ҳужжатлари билан белгиланиши, шунингдек халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш фаолиятига раислик қилиши белгиланмоқда.

Ушбу Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини янада самарали ташкил этишга, ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларда маҳаллий Кенгашларнинг ролини ортишига ва бу борада ижро ҳокимияти билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Кун тартибида кўрилган “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида” Конституциявий қонун лойиҳаси депутатлар томонидан узоқ муҳокама қилинди.

Ушбу қонун Рақамли технологиялар халқаро марказининг махсус ҳудуд сифатидаги мақомини ва унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилашга қаратилган.

Яъни махсус қонунчилик тизими яратилади. Бунда ушбу Конституциявий Қонун ва унга зид бўлмаган ҳолда, Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқининг элементларига асосланган Марказнинг махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинади.

Депутатларда бу айрим саволларни юзага чиқарди. Жумладан, Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг роман-герман ҳуқуқига яқинлигини, бу Марказда ҳудудида эса англо-саксон ҳуқуқ тизими элементларининг мавжудлиги эртанги кунда тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтилди.

Қонун ижодкорлари бу борада ихтисослаштирилган судлар ташкил этилиши, қолаверса, бу меъёрлар айрим йўналишларга киритилиши, ҳуқуқий масалаларнинг катта қисми миллий қонунчилигимизга асосланишини маълум қилишди.

Шунингдек, депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг таъсир чораларини кучайтириши бўйича киритилган лойиҳани қўллаб-қувватлашди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришга кўра, огоҳлантириш ва талабномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Бунда фракция позициясидан келиб чиқиб, айрим лойиҳаларни концептуал жиҳатдан бир овоздан қўллаб-қувватланган бўлса, баъзи лойиҳалар бўйича фикр-мулоҳазалар юритилиб, таклифлар билдирилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш