Ҳисоб палатаси фаолияти баҳоланди

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизда Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари ҳисоботда давлат маблағларининг мақсадли сарфлангани, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳамда электоратимиз манфаатлари учун ажратилган ресурсларнинг қай даражада тўғри ва манзилли ўзлаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги ҳисоботи олдинга йилларга қараганда шаклан ва мазмунан фарқ қилганини, аниқланган камчиликлар, коррупцион ҳолатлар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш борасида вазирлик ва давлат идораларига нисбатан белгиланган чора-тадбирлар аниқ кўрсатилганини қайд этишди.

Ҳисоботда келтирилишича, Бюджет харажатларида 8,1 трлн сўм маблағ мақбуллаштирилган, 1,1 трлн сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган, бюджет даромадига 7,6 трлн сўм қўшимча манбалар қўшилган. Ташқи қарзлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларда 5,7 трлн сўм маблағни иқтисод қилиш имкониятлари аниқланиб, уларнинг 4,1 трлн сўми бошқа соҳаларга қайта йўналтирилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали “Масофавий аудит” ахборот тизимини йўлга қўйган. Бунинг натижасида қисқа вақт ичида 75 та вазирлик, идора ва банкларнинг 259 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, ўтказилган 93 та аудит тадбирларнинг 47 таси масофавий ўтказилган.

Ҳисобот билан танишган депутатларимиз таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида кузатилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлашиб, бу борада парламент назоратини янада кучайтиришини маълум қилишди.

Масъуллар ҳам келажакда шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича депутатларда таклиф ва тавсиялар бўлса тинглашга тайёрлигини, парламент билан ҳамкорликка очиқлигини билдиришди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолиятини маъқулланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш