Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Дастлаб ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, охирги беш йилликда кибержиноятлар 68 бараварга кўпайган. Ушбу даврда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 баравар ошиб, бундай жиноятлар умумий жиноятларнинг 50 фоизини ташкил этмоқда.
Қонун ижодкорлари амалдаги қонунчиликда бу соҳани комплекс тартибга солувчи, масъул органларнинг вазифа ва ваколатларини аниқ белгиловчи, шахс ва жамиятнинг кибермакондаги ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимояловчи қонун мавжуд эмаслигини айтишди.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини ҳар томонлама сифатли тайёрлашда хорижий тажрибани ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Депутат Сайёра Имомовага кўра, ҳозирги кунда интернет тармоқларида ёшларнинг турли жиноят йўлларига кириб кетиш ҳолатлари кенг тарқалмоқда, мазкур қонун лойиҳасида бундай ҳолатларни назорат қилиш бўйича аниқ механизмларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, йиғилишда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни пенсия билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда таҳлил қилинди.
Депутат Фирдавс Шариповнинг фикрича, ҳарбий хизматчиларнинг ўз йўналишдаги олийгоҳларда ўқиган даври, хусусан, ички ишлар ходимларининг Ички ишлар академиясида ўқиган вақти ҳисобга олиниши керак. Акс ҳолда, ички ишлар ходимларининг пенсияга чиқиш муддатлари янада узоқлашиб кетади.
Муҳокамаларда ҳар бир қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан таҳлил қилиниб, уларда партия электорати манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётганига, дастурий мақсадлари қанчалик акс этаётганига эътибор қаратилди.
Якунда фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.