Республика семинарида аҳоли мурожаатларини ҳал этишнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши ташаббуси билан аҳоли мурожаатларини самарали ҳал этишда янгича ёндашувларни жорий этиш борасида тажриба алмашиш учун республика семинари бўлиб ўтди.

Унда партия Марказий Кенгаши масъуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар кенгашлари раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб Фарғона вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни жойида ҳал этиш борасида тўпланган илғор тажриба билан яқиндан танишдилар.

Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни самарали бартараф этишда жамоатчилик назорати механизми ва депутатлик бирлашмаларининг ўрни хусусида алоҳида мулоҳаза юритилди.

Шунингдек, мурожаатларни шунчаки рўйхатга олиш эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини “маҳаллабай”, “хонадонбай” таҳлил қилиш ва тизимли муаммоларни маҳаллий Кенгаш сессияларига олиб чиқиб, мутасадди идоралар олдига аниқ масала қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Семинарда аҳоли мурожаатларини самарали ҳал этиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш Халқ демократик партиясининг устувор мақсадларидан бири экани, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро бу имкониятдан фойдаланишида партиянинг ҳудудий бирлашмалари таянч бўлиши лозимлиги таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш